Axloq evolyutsiyasi
Ахлоқ эволюцияси тушунчаси одамзотнинг тадрижий ривожланиши жараёнида шаклланган хулқ-атвор тизимини назарда тутади. Ахлоқни тўғри ва нотўғри хатти-ҳаракатлар ҳақидаги ғоялар тизими сифатида таърифлаш мумкин. Кундалик ҳаётимизда ахлоқ бошқа мавжудотларга нисбатан, кўпроқ инсон хулқ-атвори билан боғланади. Эволюцион биология, хусусан, эволюцион психологиянинг ривожланаётган тармоқлари баҳсига кўра, одам ижтимоий хулқ-атвори мураккаблигига қарамай, ахлоқнинг ривожланиш жараёни, кўплаб бошқа ижтимоий ҳайвонларнинг хулқ-атвори билан боғлиқ бўлиши мумкин. Инсон хулқ-атворини социобиологик жиҳатдан тушунтириш эса ҳамон мунозарали. Бошқалар, жумладан, файласуф Сем Харрис ахлоқнинг об’ектив илми мавжудлиги устида баҳс юрицада, социологлар, анъанавий равишда, ахлоқни конструксия* сифатида талқин қиладилар, шунингдек, у маданий жиҳатдан ҳам нисбий ҳисобланади.
Ҳайвонотнинг ижтимоийлашуви
Гарчи, инсон наздидаги ахлоқий хулқ-атворга эга бўлмаса-да, барча ижтимоий ҳайвонлар тўдада ҳаёт кечириш учун хулқ-атворини ўзгартириши ёки чеклашига тўғри келади. Шу ўринда, чумолилар, асаларилар ва термитлар жамоаларини мисол келтириш мумкин. Биргина чумолилар колонияси миллионлаб индивидлардан таркиб топади. Э. О. Уилсоннинг таъкидлашича, стерил (бепушт) ишчи кастасининг мавжудлиги чумолилар колониясининг энг муҳим муваффақият омили саналади. Урғочи ишчилар кастаси қироличанинг эҳтиёжларига бўйсунади ва шу тариқа, улар колониянинг янги аъзоларини парваришлаш жараёнида ўзининг репродуктив (насл қолдириш) имкониятидан маҳрум бўлади. Стерил касталар, жуфтлашиш рақобатига ҳам сезиларли даражада барҳам беради, натижада эса колонияда ўзаро бирдамлик ривожланади.
Бу муҳим аҳамиятга эга, боиси ёлғиз чумоли учун узоқ вақт мобайнида жон сақлаш ва насл қолдириши имконсиз. Бирдамлик туфайли колониялар ҳатто ўн йиллар мобайнида ривожланиши мумкин. Чумолилар сайёрадаги турларнинг энг муваффақиятлиси бўлиш билан бирга, одамзот билан ҳам рақобатлаша оладиган биомассани ташкил қилади. Тўда бўлиб яшашнинг асосий афзаллиги шундаки, бунда аъзоларнинг яшовчанлиги ва кўпайиш имконияти ҳам таъминланади. Сут эмизувчиларнинг ижтимоий хулқ-атвори инсониятга анча яқин бўлиб, бир вақтлар фақат инсонгагина хос деб ҳисобланган эмпатия ва алтруизмни ҳатто приматлар ва филларда ҳам учратиш мумкин.
Приматлар ижтимоийлашуви
Инсониятнинг энг яқин қариндошлари шимпанзе ва боноболар бундан 4-6 миллион йиллар аввал яшаган одамлар билан умумий аждодга эга. Шу сабабли, улар мазкур аждод учун энг яхши суррогат (ўрнини босувчи) ҳисобланади. Барбара Кингнинг таъкидлашича, приматлар, инсон наздидаги ахлоққа эга бўлмаса-да, уларда ахлоқ эволюцияси учун зарур бўлган баъзи хусусиятларни кузатиш мумкин. Булар юқори интеллект, рамзий/ишоравий мулоқот қобилияти, ижтимоий меъёрларни ҳис қилиш, „мен“ни англаш ва узвийлик. Франс де Ваал ва Барбара Кингнинг фикрича, инсон ахлоқи айнан приматларнинг ижтимоийлашуви асосида шаклланган. Шунингдек, Майкл Шермер назарда тутган преморал майлларни приматлар, делфин ва китларда ҳам кузатиш мумкин. Олимнинг таъкидлашича, қуйидаги хусусиятлар нафақат одамлар, балки ҳайвонлар, асосан йирик маймунларда ҳам мавжуд:
- боғланиш ва муносабат ўрнатиш; ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам; хайрихоҳлик ва ҳамдардлик; тўғридан-тўғри ва билвосита муносабат; алтруизм ва икки томонлама алтруизм; низоларни ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатиш; алдов ва ёлғонни аниқлаш; жамоатчилик ташвиши ва бошқаларнинг ўзи ҳақидаги фикрига қизиқиш; шунингдек, гуруҳнинг ижтимоий қоидаларидан хабардорлик ва уларга муносабат билдириш[1].
Шермернинг таъкидлашича, бу преморал ҳислар, примат жамоаларида индивидуал худбинликни чеклаш ва кўпроқ ҳамкорлик гуруҳларини ташкил этиш усули сифатида ривожланган. Ҳар қандай ижтимоий тур учун алтруистик гуруҳнинг бир қисми бўлиш, индивидуализм афзалликларидан устун бўлиши лозим эди. Гуруҳда ўзаро бирдамликнинг йўқлиги эса, ташқи хавфлар таъсирида тузилманинг заифлашувига сабаб бўлади. Гуруҳ таркибида бўлиш, аввало, озуқа топиш имкониятини оширади. Бу асосан, хавфли ва катта ўлжани тутиш учун тўда бўлиб ов қиладиган ҳайвонларда яққол намоён бўлади.
| Йиллар олдинги давр | Жамият тури | Жисмоний шахслар сони |
|---|---|---|
| 6 000 000 | Ибтидоий тўда | 10с |
| 100 000–10 000 | Уруғ | 10-100 с |
| 10 000–5 000 | Қабила | 100-1000 с |
| 5000–4000 | Қабилалар иттифоқи | 1000-10 000 |
| 4000–3000 | Давлат | 10 000-100 000 |
| 3000 – ҳозирги кунгача | Империялар | 100 000–1 000 000 |
Барча ижтимоий ҳайвонлар, ҳар бир аъзо ўз ўрнини биладиган, жамоаларга эга. Ижтимоий тартиб – ўрнатилган хулқ-атвор қоидалари асосида таъминланади, ҳукмрон қатлам эса ижтимоий тартиб барқарорлигини жазо воситалари орқали назорат қилади. Бироқ, юқори даражали приматлар ҳам ўзаро муносабат ўрнатиш ҳиссига эга. Масалан, шимпанзелар ким уларга яхшилик қилганидан тортиб, зарар келтирганларгача эслаб қолади ва шу билан бирга, аввал уларни парвариш қилганлар билан озуқа алмашиши ҳам мумкин. Кўршапалаклар ҳам ўзаро муносабат ва алтруизм ҳиссини намойиш этади. Улар қонни қайд қилиш орқали турдошлари билан бўлишади, бироқ бу барча кўршапалакларга насиб этади, дегани эмас. Улар, одатда, озуқага муҳтож бўлган пайтларида кўмак берганлар билангина шундай муносабатда бўлади.
Капучин маймунлари ва итлар ҳам адолат ҳиссини тушуна олиши билан бирга, бир хил хулқ-атвор учун адолациз тақсимланган рағбат эвазига ҳамкорликдан бош тортади.
Шимпанзелар ўртача 50 та аъзодан иборат жамоаларда яшайди. Одамларнинг дастлабки аждодлари ҳам худди шундай яшагани тахмин қилинади. Овчи-термачилар жамоаларининг ҳажмига асосланиб, сўнгги палеолит гоминидлари бир неча юз кишидан иборат тўдаларда яшаган. Инсоният эволюцияси жараёнида жамият кенгайиб боргани сари, тўдада ўзаро бирдамликка эришиш зарурияти ҳам ортиб боради. Ахлоқ ҳам ўз ўрнида, 100-200 кишигача бўлган мазкур жамоалар, ижтимоий назорат, низоларни ҳал қилиш ва гуруҳлар бирдамлигини сақлаш воситаси сифатида ривожланган бўлиши мумкин. Ушбу сон чегараси бизнинг генларимизда ҳам мустаҳкам кодланган, деб тахмин қилинади, сабаби замонавий дунёда ҳам мазкур сон чегараси ортиб кетгудек бўлса, одамлар орасида барқарор ижтимоий муносабатларни сақлаб қолиш бир қанча муаммоларни юзага келтиради. Доктор де Ваалнинг сўзларига кўра, инсон ахлоқи примат жамиятларида учрамайдиган, такомилнинг икки қўшимча сатҳига эга. Одамлар ўз жамиятининг ахлоқ меъёрларини, мукофот, жазо ва обрў-эътиборни ошириш воситаси сифатида қўллайдилар. Улар, шунингдек, ҳайвонот оламида учрамайдиган, мулоҳаза юритиш ва асослаш имкониятига эга.
- ↑ Шермер, Мичаэл. Тҳе Сcиэнcе оф Гоод анд Эвил. Неw Ёрк: Тимес Боокс, 2004 — 16-бет. ИСБН 978-0-8050-7520-5.
- ↑ Шермер, Мичаэл (2008-йил феврал). „Тҳе Минд оф тҳе Маркет“. Сcиэнтифиc Америcан. 298-жилд, № 2. 35–36-бет. Бибcоде:2008СcиАм.298б..35С. дои:10.1038/сcиэнтифиcамериcан0208-35. ПМИД 18376667.
{{cите магазине}}: сана киритилиши керак бўлган параметрга берилган қийматни текшириш лозим:|дате=(ёрдам)