Ayirboshlash
Айирбошлаш (иқтисодиётда) – кишиларнинг меҳнат фаолияти ёки маҳсулотларини ўзаро алмаштиришлари. Айирбошлаш иқтисодий фаолиятнинг бир тури, ишлаб чиқариш билан истеъмолни бир-бирига боғлаб турувчи восита ҳисобланади. Айирбошлаш ўзига хос махсус фаолият тури бўлиб, амалиётда савдо-сотиқдан иборатдир. Бу фаолият билан махсус кишилар гуруҳлари шуғулланадилар. Айирбошлашнинг иқтисодий асосини ижтимоий меҳнат тақсимоти ташкил этади, характери ва шаклини ишлаб чиқариш белгилайди. Ўз навбатида Айирбошлаш ҳам ишлаб чиқаришнинг ривожланишига таъсир кўрсатади. Айирбошлаш кишилик жамияти тарихида ижтимоий меҳнат тақсимоти, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган қабилаларнинг бир-биридан ажралиши туфайли келиб чиқди. Ишлаб чиқарувчи кучлар ўсиб, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланадиган қабилаларда тай-ёрланган маҳсулотлар уларнинг ўз эҳтиёжларидан ортиб қоладиган бўлди, бу қабилаларда ўзлари ишлаб чиқара олмайдиган буюмларга эҳтиёж ўса бош-лади. Шу даврда деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотини Айирбошлаш вужудга келди. Бу Айирбошлаш тасодифий ҳарактерга эга эди. Меҳнат тақсимоти чуқурлашиб, ҳунармандчилик қишлоқ хўжалигидан ажралиб чиққач, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик ихтисослашган бир неча тармоққа ажралиб кетди. Натижада ишлаб чиқарувчилар маълум турдаги маҳсулот тайёрлашга ўтдилар ва уларни бошқа маҳсулотларга алмаштириш билан ўз эҳтиёжларини қондира бошладилар. Кейинчалик улар Айирбошлаш учун маҳсулот тайёрлаб, товар ишлаб чиқарувчиларга айландилар. Айирбошлаш илгари тасодифан, ўқтин-ўқтин бўлса, кейинчалик, у муҳим ишга, мунтазам фаолиятга айланди.Товар ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва Айирбошлашнинг кенгайишининг пайдо бўлишига олиб келди. Бир товар иккинчиси билан пул ёрдамида билвосита айирбошланди. Ҳар хил товарларни миқдор жиҳатдан алмаштиришда уларнинг табиий хусусиятлари (шакли, ранги, огирлиги, ҳажми) эмас, балки айирбошлаш қиймати асос бўлади. Айирбошлаш маълум нисбат ва мутаносибликда юз беради, яъни бир товар бошқасига маълум миқдорий нисбатда айирбошланади.Тарихан Айирбошлашнинг икки тури мавжуд: а) бартер ёки натурал Айирбошлаш Бунда бир товар бошқасига тўғридан тўғри, лекин ма’лум миқдорий нисбатда айирбошланади. Мас, бир қоп буғдой – 2 кг металл; б) товар айирбошлаш ёки савдо-сотиқ. Бунда бир товар бошқасига пул воситасида алмашилади. Товар пулга алмашганда сотиш юз берса, шу пулга бошқа товар харид этилганда сотиб олиш юз беради. Ҳар икки амалнинг яхлитлигидан олди-сотди пайдо бўлади. Бартер ан’анавий иқтисодий тизимга хос, лекин хўжалик алоқалари издан чиққан, пул қадрсизланиб, ўз обрўсини йўқотган кезларда қайтадан пайдо бўлади.Товар Айирбошлаш бозор иқтисодиётига хос, у Айирбошлашнинг илғор ҳаммабоп усули бўлиб, нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам амал қилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |