Айловот (айрим манбаларда „Айловотхўжа“ номи билан ҳам учрайди) — Самарқанд вилояти Паяриқ туманида жойлашган қишлоқ. 1546-йилги вақф ерлари хусусидаги ҳужжатларда қишлоқ номи Алиобод тарзида тилга олинади. Темурийлар ҳукумронлик йиллари давомида Суғуди Калон туманининг шимолий ҳудудлари ҳисобига ташкил этилган. 15-аср бошига келиб эса, бу қишлоқ шу ҳудуддаги асосий аҳоли яшаш пункитига айланган. Кейинчалик эса мазкур қишлоқ шу ернинг туман маркази унвонига кўтарилган.

Айловот
қишлоқ
Мамлакат Ўзбекистон
Вилоят Самарқанд
Туман Паяриқ
Расмий тил(лар)и ўзбек
Вақт минтақаси УТC+5
Телефон коди +998
Почта индекс(лар)и 1413ХХ[1]
Автомобил коди 30

Тарихи

В. Л. Вяткин томонидан Суғуди Калон тумани хусусида олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, Алиобод қишлоғи манғитлар даврида ўз мавқеини йўқотган ҳамда кейинчалик Челак туманининг маркази бўлиб қолганлиги айтилади. Алиобод ҳудуди якунланганидан сўнг, чўл ҳудуди бошланади. Қишлоқ ерларидан Самарқанд-Жиззах магистрал йўли ўтган бўлиб, тарихий манбаларда ёзилишича, қишлоқ яқинида Хўжа Дидор қал’аси, Каржак (ёки айрим манбаларда айтилганидек Карзак) мавзеси жой олган. Мазкур ҳудуд номлари В. Л. Вяткин яшаган даврларга келиб унутила бошланган бўлган. Шунга қарамай, қишлоққа қўшни бўлган Сиёб (Қорасув), Адак ёки Андак (ҳозирги Ўймовут), шунингдек унинг шарқий қисмида ўрин эгаллаган Куртушайх ва Саид Оҳу (ҳозирги Сайдов) қишлоқлари, ҳамда ғарбий қисмдан чегарадош бўлган Хонқўрғон мавзелари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. В. Л. Вяткин ўз китобларида Булунғур ариғидан чиққан ҳозирги Кучукариқ (ёки Кучакариқ) ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтади. Мазкур топонимнинг этимологиясига кўра, Кучакариқ бу „кичик ариқ“ деган маънони англатади.

Этимологияси

Айловот топоними „Али“ (йигитлар исми) ва обод сўзларининг бирлашмасидан ташкил топган. Алиобод номи кейинчалик вақт ўтиши билан, халқ тилида Айловот кўринишига айланиб кетган ва қишлоқ ҳозирга қадар шу шаклда номланиб келмоқда[2].

Манбалар

  1. ↑ „Самарқанд вилояти почта индекслари“. Қаралди: 2023-йил 2-июл.
  2. ↑ Н.Б.Бегалиев; А.М.Туробов. Самарқанд топонимияси, 2015 — 156-бет.