Айний сурилмаси – 1964-йил 24-апрел Тошкент вақти билан соат 13 дан 30 мин. ўтганда Зарафшон дарёсининг юқори оқимида, Тожикистондаги Айний (собиқ Заҳматобод) қишлоғидан 1 км юқорида (Самарқанд шаҳридан 140 км шарқда) тоғ жинсларининг сурилиши натижасида вужудга келган табиий тўғон. Тўғоннинг баландлиги 130–150 метр узунлиги 750 метр эни 1000 метр Тўғон майдаланган сланес, қумтош, оҳактошлар, ҳарсанг тошлар, қумоқ ва лой аралашмасидан иборат бўлган. Зарафшон дарёсида бундай катта табиий тўғонлар авваллари ҳам бўлиб турган. Чунончи, 1888-йил январ ойи ўрталарида ҳозирги Айнийдан 8 км юқоридаги Сангистон қишлоғи рўпарасида Зарафшон дарёси тўғон билан тўсилган. Тўғонни очиш учун қарийб 1000 киши 2 ойдан кўп уриниб сувга кичкина йўл очиш-ган. Бироқ узунлиги 15–20 км келадиган кўл суви тўғонни уриб, дарё бўйидаги кўп қишлоқларни ювиб кетган. Бундан ташқари, Айний табиий тўғони бўлган жойда ва ундан 20–25 км юқорида (Зарафшон дарёси бўйида) сурилиш излари сақланиб қолган. Айний тўғонининг пайдо бўлишига қуйидагилар сабаб бўлган: ёмғир ва қор сувлари бир неча йиллар тоғ жинслари орасига сингиб келган, натижада бўш жинслар ўз тагидаги қаттиқ жинслардан ажрала бошлаган. 1964-йил апрелда бошқа йиллардаги ўртача 50 мм ўрнига уч мартадан ҳам ортиқроқ ёғин тушди. Бу ҳам сурилма қодисасини тезлаштирди. Қулаган ён бағирнинг юқори қисмидаги булоқ сувлари ҳам сурилма содир бўлишига сабаб бўлган. Айний қишлоғидаги сурилма нишонлари 1961-йилдаёқ сезилабошлаган эди. 1961-йил баҳорида Зарафшон ўзанидан 700–750 м баландлигида ёриқ пайдо бўлиб, аста-секин кенгая борган. 1964-йил 24-апрел куни Самарқанд сейсмик стансияси Тошкент вақти билан соат 13 дан 15 минут ўтганда 4 балли зилзила бўлганлигини қайд қилган. Тўғон ҳосил бўлгандан сўнг Зарафшон ирмоқлари – Фондарё билан Мастчохдарё суви бутунлай тўсилиб, ҳосил бўлган кўл суви сатҳи кунига 3–5 м дан кўтарила борган. Зудлик билан тўғон очиб юборилмаса, тўғонни сув уриб кўп ерларни сув босиб кетиш хавфи туғилди. Хавфни бартараф этиш мақсадида тўғоннинг шимолий қисмида дарёнинг қадимги террасаси бўйлаб тўғонни қирқиб канал очишга киришилди. Канал Зарафшон дарёсининг ўнг қирғоғидан бошланди. Айний кўли сувини аста-секинлик билан оқизиб юбориш энг зарур шартлардан бири эди. 6-май куни тайёр бўлган каналдан дастлаб 2 м³/сек., 9-майга бориб 800 м3 сек. сув туша бошлади. 8-майда кўл сатҳи энг юқори даражага кўтарилди (чуқ. 72 м, сув ҳажми 90 млн. м3). Канал ювилиш натижасида эни 100–160 м га етди. Кўлдаги сув ҳажми қарийб 4-марта камайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил