Айёр, айёрлар (араб. – муғомбир, дайди, ялангоёқ, махфий иш олиб борувчи) – 1) Ироқ ва Эрон шаҳарларида ИХ–ХИ асрларда диний ва сиёсий тусдаги ғалаёнларда фаол иштирок этган ғозийларнинг бир табақаси. Масалан, саффорийлар қўшинининг таркибий қисмини ал-мутатаввиъа ("кўнгиллилар") ташкил қилган, уларни камситиб Айёр деб ("муттаҳамлар" маъноси ҳам бор) аташ-ган. Айёр табақаси ерсиз ва қочоқ деҳқонлар ҳисобига сафини тўлатиб борган. Айёр мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнаганлар. Жангда алоҳида жасорат, шижоат кўрсатган Айёр юқорироқ табақага – сарҳанглар қаторига ўтказилган; 2) ўрта асрларда ўзаро жанг қилувчи икки мамлакатнинг биридан иккинчисининг орқа томонига, шунингдек душман қўшини орасига махфий равишда юборилиб, унда ҳийла-найранг ишлатиб қутқу солиш, қўшиннинг орасини бузиш, энг керакли кишиларни алдаб йўлдан уриш ёки қўлга тушириш каби ишлар билан шуғулланувчи шахс. Ўтмишда хон (бек)ликлар ўртасидаги ўзаро низо-жанжалларда Айёрлар катта хизмат қилган. Масалан, Меҳтарбоди Ялдойи Самарқандий, Чор Зўлобий, Доғули, Хавориқ ("Абомуслим" достонида), Камак Кайёний ("Жамшид" достонида), Ёсуман (Алишер Навоийнинг "Фарҳод ва Ширин" достонида) ва бошқа; 3) муғомбир, "тулки", ўз фойдаси учун зимдан иш қилувчи шахс; 4) бадиий адабиётда шўх, дилрабо, нозли, сеҳргар, ўзига ром этувчи ёр (маъшуқа).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил