Азиммурод Хўжаев (1909 – Самарқанд – 1968) – кошинкор, кулол. Ҳунарни уста Ғуломдан ўрганган. Х. бошчилик қилган устахона режали равишда қоплама сопол парчаларини тайёрлаган. Тиллакори мадрасанинг бурчак минорасига шарафалар ишлаган; Амир Темур мақбараси гумбазининг аслини тиклаб, кошинлар билан безаган (ҳамкорликда); Бухородаги Кўкалдош мадрасаси, Мир Араб мадрасаси, Туркистон (Қозоғистон)даги Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси ва бошқа обидаларни таъмирлашда иштирок этиб, улар учун кошинлар тайёрлаган.