Википедияда исми Азиз бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Азиз Абдураззоқ — 1928-йили Тошкентда таваллуд топган. Ўрта мактабдан сўнг маданий-оқартув билим юртида таҳсил олади. Сўнгра Москвадаги М. Горкий номидаги Адабиёт институтида ўқийди. У кўп касбдошлари каби журналист сифатида „Ёш ленинчи“ рўзномаси, „Шарқ юлдузи“, „Гулистон“ каби ойномаларда фаолият кўрсатади. Ҳозирда кўп йиллардан бери Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида ишлайди.

„Қалб нури“ тўпламига кирган кўпчилик шеърлар шоирнинг эллик йиллиги якуни сифатида сайланма тарзида эълон қилинган. Туроб Тўла айтганидек, унинг ҳар бир шеъридан, яъни "Азиз шеърларидан нон ҳиди келади, ўзл кезиб ўтган боғлар, дала-даштлар ҳиди келади".

Айни чоғда унинг болалар учун ёзилган „Оҳ, қандай ширин“ (1977), „Қиз ва лола“ (1979), „Тап-тап элак“ (1981) каби ўнлаб асарлари чоп бўлди. Уларда беғубор ёшлик туйғулари, шўх, кулгили, баъзан ҳажвий, кинояли тарзда ўз ифодасини топди.

У таржимон сифатида М. Лермонтов, Т. Шевченко ҳамда америкалик машҳур шоир Г. Лонгфелло асарларини ўзбекчалаштирган. Унинг асарлари ўнлаб ўзга тилларга ҳам ўгирилган.[1]

Тўпламлари

  • „Дўстларимга“ (1959)
  • „Япа баҳор“ (1961)
  • „Мавж“ (1965)
  • „Бодом гуллади“ (1965)
  • „Лирика“ (1970)
  • „Азиз одамлар“ (1975)
  • „Шўх ёмғир“ (1975)
  • „Қалб нури“ (1978)
  • „Ёстиқдан чиққан эртаклар“ (1988)
  • „Боғда битган эртаклар“ (1989)
  • „Тўрт оғайни ботирлар“ (1989)

Манбалар

  1. ↑ Собир Марвалиев. Ўзбек адиблари. Т.: „Фан“, 1993

Ҳаволалар