Aziz Xoʻjayev
Азиз Хўжаев — ХХ аср бошида Германияда таҳсил олган тараққийпарвар, иқтисодчи, ўқитувчи, таҳлилчи, таржимон. 30-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси. Мударрис оиласида туғилган. Дастлабки та’лимни Бухородаги жадид мактабида таҳсил олган. 1926-йил Берлин университети иқтисод факултетини, Озарбайжон Давлат университети аспирантурасини тамомлаган[1].
| Азиз Хўжаев | |
|---|---|
| Таваллуди |
1905-йил Бухоро |
| Вафоти |
1937-йил 7-декабр Соловки лагери, СССР |
| Фуқаролиги |
|
| Соҳаси | Иқтисодчи, таржимон |
| Дини | Ислом |
Ҳаёти ва фаолияти
Азиз Хўжаев 1905-йил Бухоро шаҳрида мударрис, муфти Авлиёхўжа Атқиёхўжа ўғли хонадонида таваллуд топган. Азизхўжа аввал Эски Бухоронинг Говкушон мавзе’сидаги жадид мактабида, сўнг мадрасада таҳсил олган. 15 ёшида етим қолган Азизхўжа БХР ҳукумати қарамоғидаги „Шуҳадо“ мактабига олинган. Болалик вақтидан Абдурауф Фитратнинг назарига тушган Азизхўжа 1922-йил Германияга ўқишга юборилган. Азиз Хўжаев қисқа муддатли тил курсидан сўнг немис тилини ўрганиб, Берлин университетининг иқтисод факултетига ўқишга кирган. 1926-йил ушбу олийгоҳни тамомлаган. Ўзбекистонга қайтгач Самарқандда ишга жойлашишнинг имкони топилмаган. Азизхўжа устози Бакир Чўпонзода, Исмоил Ҳикматбейлар таклифи билан Бокуга йўл олиб, Озарбайжон Давлат университетига ўқитувчи бўлиб ишга кирган. Немис, инглиз, араб, форс, урду, турк, рус тилларини мукаммал билганлиги сабабли Озарбайжонда ишлаши муаммо бўлмаган. Озарбайжонда аспирантурага кириб илмий тадқиқотлар ўтказган. Иттифоқ нашрларида, Боку, Тошкент шаҳарларидаги иқтисодий ахборотномаларида, матбуот саҳифаларида Азиз Хўжаевнинг бир қатор таҳлилий мақолалари чоп этилган. Унинг изидан тушган ОГПУ жосуслари Азизхўжани Бокуни тарк этишга мажбур қилганлар. 1928-йилнинг сўнгида Тошкентга келган Азиз Хўжаев Ўзбекистон Маориф нозирлигига ишга жойлашиб, айни пайтда Шарқшунослик факултетида форс-урду тилларидан, Ўрта Осиё давлат университетида (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) иқтисодиёт фанидан талабаларга та’лим беришга киришган. „Правда Востока“ газетасида таржимонлик ҳам қилган[2].
Сиёсий фаолияти
Азиз Хўжаев бир вақтлар Туркияда таҳсил олиб қайтган Шаҳид Эсон Мусо, Исмоил Садри, Мирзоамин Муҳиддиновлар билан илмий мунозаралар олиб борган. Айниқса, 1929-йил Тошкентдаги Восточная кўчасидан 10-уйни сотиб олгач, унинг хонадони Қиёмиддин Киромиддин, Атоулло Сайфулмулк, Омонулло Нусратулло каби Германияда таҳсил олиб қайтган дўстлари, шоир Баҳром Ҳайдарий, хонанда Назира Аҳмедова, ёзувчи Кибалчич, Мансурбек Худоёрхонов каби яқинларининг доимий суҳбатлари марказига айланган. Бу эса инсонларнинг ҳар бир ҳаракатни кузатиб турувчи ОГПУ айғоқчиларининг назаридан четда қолмаган. Уни тузоққа тушунтириш мақсадида 1929-йил 5-декабрда ОГПУ 4-бўлимига аввал таржимон сифатида қабул қилган, кейинроқ эса „Ганс“ лақабини бериб махсус агент сифатида ёллаган. Азиз Хўжаевни Тошкентдаги афғон консулининг таржимони Сулаймон Асқаров, форс консуллигидан Меҳдихон Ҳакимий, Хитой консулининг таржимони қошғарлик Исабеков, хитойлик Ван Сюн Бо, Ши Вен Ю каби одамлар билан таништириб, Афғонистон, Эрон ва Хитой давлатларининг ташқи алоқаларига оид хабарларни топишни талаб қилишган. Бироқ Азизхўжанинг ҳеч бир рағбатини кўрмагач, ОГПУ унинг ўзини қамоққа тиқиш чораларини излай бошлаган. Бунга Фитрат Афғон элчилиги орқали Азиз Хўжаевни Туркияга Усмон Хўжаевга хат билан юбормоқчи деган хабар баҳона бўлган. Ишни зудлик билан амалга ошириш мақсадида унинг хонадонига Анна Дорошенко, Мира Мартиновская, Вера Александрова, Катя, Антонина, Оля, Шура каби ГПУ айғоқчиларини ташлаган. Бир неча кун унинг уйида яшаган „меҳмонлар“ ҳамма воқеликларни мунтазам етказиб турганлар.
1932-йил 13-май куни Ўрта Осиё ОГПУ 4-бўлими ходими Булато Азиз Хўжаевни аксилинқилобчи, чет эл жосуси деб ЎзССР ЖК нинг 59-, 70-моддалари билан айблаб қамоққа олишга қарор қилган. 1932-йил 14-май тунда унинг хонадонига нома’лум кимсалар ташриф буюрган[3].
Тергов
1932-йил 15—28-май кунлари мунтазам сўроқлар давомида англадики „меҳмон“лар унинг сўнгги кунларидаги барча ҳаракатларини оқизмай-томизмай ёзиб боришган эканлар.
1932-йил 8-июн куни юзлаштиришда у ҳамкасбим деб билган Анна Дорошенко ўзининг Тошкентга 1932-йил 14-январда махсус топшириқ билан келганлигини, Азизхўжанинг ёнидаги барча дўстлари, уларнинг касби-кори, манзилларини сўзлаб берган. Шунингдек, унинг аксилсовет руҳда „бечора халқим русларнинг қўлида инглиз мустамлакалари халқларидан кўра минг бора хор бўлди. Бизда иқтидорлар кўп, ҳокимият бизда бўлиши керак. Мен ГПУдан қўрқмайман. Коммунистлар ўз келажагини кўра олмайди, газеталарининг ҳаммаси ёлғон ёзади. Албатта, биз русларни қувиб ҳокимиятни ўзимиз оламиз“, — деганини айтиб берган.
1932-йил июл—август ойларида мунтазам жисмоний тазйиқ ва таҳқирлар остида Азиз Хўжаевдан Тошкентдаги, Афғонистондаги барча танишлари ҳақида сўраб суриштирганлар. Бироқ бирорта арзирли ма’лумот ола олмаган.
Айблов
1932-йилда 22-августда айблов баённомаси имзоланиб, унда Азиз Хўжаев Бухоро амири мулозими оиласидан чиққан, отаси советларга қарши курашда ҳалок бўлган, ашаддий аксиинқилобчи каби айблар қўйилган[4]. Азиз Хўжаев иши 1932-йил 10-сентабрда Москвага юборилган. 1932-йил 20-октабрда ОГПУ қошидаги „учлик“ томонидан 5 йил конслагерга ҳукм қилинган. У аввал Сазлагда бўлган, 1933-йил 29-июндан Соловки лагерига этап қилинган. Азизхўжа 1935-йил 15-сентабрда Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи бош Прокурори Вишинскийга ариза йўллаб, ўзининг 1932-йил 14-майда бўҳтон асосида қамоққа олингани, тинтув вақтида йўл қўйилган ҳақсизликлар, ҳатто, унинг тилла соатини ўғирлаб рўйхатга олишмаганини ёзган.
„...Лагерда ҳаёт қийноқ ва азоблаш устига қурилган, кўпчилик обрў орттириш учун виждонли инсонлар устидан туҳмат қилади ёхуд карера учун инсонларни антисовет деб айблашади. Тўрт ярим йиллик жазони ўташим билан очлик э’лон қилгани учун деб ёлғиз камерага йўллашди. Хотинимни абадий йўқотдим. Ҳақиқат учун бетиним курашдим, аммо бу бирор кишини қизиқтирмади. Лагер раҳбариятига юзлаб хат ёздим. Бирортасига э’тибор бўлмади. Аксинча бошимга ташвиш солдилар. Мана яқинда 5 йиллик муддат тугайди. Ҳақиқатга ҳам ишончим сўнган. Ҳеч кимга ҳеч нарса ёзишдан фойда йўқлигини биламан, аммо илинж бор. 75 ёшли онам, касалманд қизим мени кутмоқда“, - деб ёрдам сўраган.
Аризадан сўнг унинг аҳволи янада ёмонлашган. Унинг ёнига турли кишилар киритилиб, ҳар бир ҳаракатини кузатганлар. Лагернинг мас’ул ходимлари Панамарев, Акимов, Мовшевич кабилар Азиз Хўжаевни “иш қобилияти 2-гуруҳ, меҳнатга муносабати ёмон, тегишли нормани бажармаган, майда миллатлар ва троскийчилар билан алоқада, ўзининг ҳуқуқини талаб қилиб, очлик э’лон қилади”, - деб салбий тавсифлаганлар. 1936-йил 7-апрелда қурилиш қоидасини бузган деб 15 кунга, 1936-йил 26-октабрда тонгги йиғинга келмаган деган баҳона билан яна 5 кунга қамоққа буюрадилар. У ҳақсизлик ва зулмни асло тан олмаган. Азиз Хўжаевни жазо муддати тугагани учун бошқа сақлаб тура олмаслигига ишонган қамоқхона ма’мурияти уни „Учлик“ йиғинига тақдим этган. 1937-йил 25-ноябрда Азиз Хўжаевга ўлим жазоси тайинланган. 1937-йил 7-декабрда ҳукм ижро этилган[5].
Оқлов
1956-йил 29-июлда Сталинобод шаҳридан Ойиша Азизхўжаева СССР Бош Прокурорига ариза йўллаб, 1932-йил қамоққа олинган отаси САГУ ўқитувчиси Азиз Хўжаевнинг сўнгги тақдири ҳақида хабар беришини сўраган. Ойиша отасининг 1937-йил 23-сентабрда Соловес оролидаги Беломор-Балтика МТЛнинг 8-бўлимидан ёзган сўнгги хатида „яқинда қайтишини, бироқ унинг ортида яна кимлардир уни юбормаслик учун турли баҳоналар қидириб уни қайта қамоққа тиқмоқчи эканлигини хавотир билан ёзганди“, — деган. Шундан сўнг Азиз Хўжаев иши қайта кўришга топширилган. Қайта сўроқларда унинг учун йиғилган меморандумларнинг барчаси махсус қарор асосида йўқ қилингани ма’лум бўлган. Гувоҳлик берганларнинг бирортаси топилмаган. Унинг мутлоқ айбсиз ҳибсга олингани ма’лум бўлган. Азиз Хўжаев 1958-йил 28-апрелда оқланган.
Манбалар
- ↑ Азон.уз нашри: Қатағон қурбонлари: Азиз Хўжаев – етти тилни билган олим, 2022
{{cитатион}}: Андозада ҳеч қандай қиймат берилмаган (бўш) номаълум параметр мавжуд:|сеператор=(ёрдам)[сайт ишламайди] - ↑ Ўзбекистон Марказий Давлат архиви материаллари П47-фонд, 1-тавсиф, 29-иш, 1937
{{cитатион}}: Андозада ҳеч қандай қиймат берилмаган (бўш) номаълум параметр мавжуд:|сеператор=(ёрдам) - ↑ Шерали Турдиев "Улар Германияда ўқиган эдилар". Тошкент. 67-бет., 2006
{{cитатион}}: Андозада ҳеч қандай қиймат берилмаган (бўш) номаълум параметр мавжуд:|сеператор=(ёрдам) - ↑ 1937-1938-йиллардаги "катта қирғин" тарихининг муҳим саналари. "Фан" нашриёти. Тошкент. 2013. 7-бет, 2013
{{cитатион}}: Андозада ҳеч қандай қиймат берилмаган (бўш) номаълум параметр мавжуд:|сеператор=(ёрдам) - ↑ 1937-1938-йиллардаги "катта қирғин" тарихининг муҳим саналари. "Фан" нашриёти. Тошкент. 2013. 23-24-бетлар., 2013
{{cитатион}}: Андозада ҳеч қандай қиймат берилмаган (бўш) номаълум параметр мавжуд:|сеператор=(ёрдам)