Азиза Абдусабитовна Қурбонова (1988-йил 11-сентабр; Тошкент, ЎзССР, СССР) — таниқли ўзбек журналисти ва блогери. Ижтимоий тармоқлардаги „Микрофон кўтарган аёл“ саҳифалари блогери сифатида танилган. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ёшлар (2013 ва 2014—2017), Болажон (2013—2014) ва Ўзбекистон 24 (2017—2018) телеканалларида фаолият юритган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати Медиа-марказида ишлайди. „Шуҳрат“ медали (2021)[1] ва "Меҳнат шуҳрати" ордени (2026)[2] соҳибаси.

Азиза Абдусабитовна Қурбонова
Таваллуди 1988-йил 11-сентябр (1988-09-11) (38 ёш)
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Таълими Бакалавриат: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Магистратура: Ўзбекистон миллий университети
Касби халқаро журналист
Фаолият йиллари 2013-йилдан ҳозиргача
Миллати ўзбек
Дини ислом
Болалари 3 та
Мукофотлари

Азиза Қурбонова 2019-йилда Ўзбекистоннинг ОАВ ва интернет тармоғидаги сўнгги йиллардаги жамоатчилик фаоллари Топ-30талиги рўйхатига киритилган[3]. Журналистлар ижодий уюшмаси раисининг сўзларига кўра, Азиза Қурбонова бир йил ичида етакчи блогерлар қаторига чиқиб олган[4].

Болалик ва ёшлик йиллари

Азиза Қурбонова 1988-йил 11-сентябрда Тошкентда таваллуд топган. Болалиги Учтепа туманининг Чўпонота маҳалласида кечган. Ота-онасининг 4 фарзанди бўлиб, Азиза 2-си, акаси ва 2 укаси бор. Оилада ёлғиз қиз бўлган[5].

Азиза 4 ёшида унга алифбони танитишган. У пайтда 1 йилда 2 та синфни битиришга рухсат бўлган. Азиза 6 ёшида 1-2-синфни тугатиб, кейинги йил 7 ёшида 3-синфга чиққан. Лекин ўша пайтда оиласи бошқа жойга кўчгани, янги жойга мослашувини ҳисобга олиб, онаси уни 3-синфда қайта ўқитган. Кичкиналигидан журналист бўлишни орзу қилган Азиза, 5-синфдан телевидениега келиб, „Бинафша“ деган кўрсатувда қатнашиб юради[5].

Азиза Қурбонова мактабни битиргач дастлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида (2009) бакалавриат босқичини, сўнгра Ўзбекистон миллий университетида (2011) магистратура босқичини тамомлайди.

Фаолияти

Азиза Қурбонова профессионал фаолиятини 2013-йилда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида бошлайди. Турли йиллар Ёшлар (2013 ва 2014—2017), Болажон (2013—2014) ва Ўзбекистон 24 (2017—2018) телеканалларида фаолият юритади.

Азиза Қурбонова 2018-йилдан ижтимоий тармоқларда „Микрофон кўтарган аёл“ блогини юрита бошлайди. 2019-йилда Ўзбекистоннинг ОАВ ва интернет тармоғидаги сўнгги йиллардаги жамоатчилик фаоллари Топ-30талиги рўйхатига киритилади[3]. 2021-йилдан блогда сиёсий мавзудаги янгиликлар чиқа бошлайди. Журналистлар ижодий уюшмаси раисининг сўзларига кўра, Азиза Қурбонова бир йил ичида етакчи блогерлар қаторига чиқиб олган[4].

2021-йилда 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Азиза Қурбоновага Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан „Шуҳрат“ медали тақдим этилди[1].

Ҳозирда Азиза Қурбонова Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати Медиа-маркази, Ахборот тайёрлаш гуруҳи Таҳририятида етакчи мутахассис бўлиб ишлаяпти.

Манбалар