Баъс (араб. тикланиш, жонланиш, тирилиш, уйғониш).Ислом таълимотида Баъс “ўлимдан кейин қайта тирилиш” маъносини билдириб, унга имон келтирилади. Бу хусусида Қуръони каримда 3 суранинг 4 жойида келади. Масалан,“(Эй,инсонлар!) Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (осондир)” (Луқмон, 28). Ҳаж сурасининг 5-оятида:“Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан...яратдик”, дейилади. Мазкур оятни уламолар: “Баъсни инкор қилувчилар инсоннинг яратилишига эътибор берсинлар. Инсонни қуруқ тупроқдан яратган Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими? Инсонни йўқдан бор қилган ва унга жон берган Зот энди уни ўлимдан сўнг тирилтириб, ўзи олган жонни қайта кирита олмайдими?” деб шарҳлайдилар. Барча пайғамбарлар (а.с.) ўлимдан кейин қайта тирилишнинг ҳақлиги ҳақида хабар берганлар. Шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.) ҳам Баъсни батафсил баён қилганлар[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 75.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.