Бадиий ҳаваскорлик – асосий ишдан ажралмаган ҳолда жамоа (тўгарак, студия, халқ театрлари) ёки якка ҳолда (хонанда, бадиий сўз устаси, созанда, раққоса, акробат ва бошқалар) ижод қилиш; халқ ижоди шаклларидан. Туркистонда фақат йирик шаҳарлар (Тошкент, Самарқандда, кейинчалик Андижон, Наманган, Каттақўрғон, Янги Марғилон)да мусиқа ва драма Бадиий ҳаваскорлик тўгараклари ҳарбий ва фуқаро йиғинлари билан бир вақтда ташкил этилди. Ўзбек халқи умумий маданиятининг юксалиши, олий ва ўрта мактабларнинг кўпайиши, омманинг саводхон бўлиши, шаҳар ва қишлоқларда клубларнинг ташкил қилиниши ва бошқа омиллар туфайли ривожланди. 20-йиллар ўртасида ишчи-ёшлар театрлари, 30-йилларда драма ва мусиқа, кейинчалик эстрада ва сирк жамоалари, турли ансамбллар (халқ рақси, қўшиқ ва бошқалар), оркестрлар пайдо бўлди. 1959-йилдан уларнинг энг яхшиларига "халқ ашула ва ракс ансамбли", "халқ театри" каби унвонлар берила бошлади. 1968-йилдан Ўзбекистоннинг энг яхши Бадиий ҳаваскорлик жамоалари хорижий мамлакатларга гастролга чиқа бошлади. 70-йилларнинг 2-ярми, 80-йилларда ашула ва рақс, фолклор-этнографик ансамбллар Бадиий ҳаваскорлик санъатида пешқадамлик қилди. Натижада халқ оғзаки ижодиётининг кўпгина жанрлари, асарлари тикланиб, саҳналар ва майдонларда ижро этилди. "Шалола" (кейинчалик "Бойсун"), "Сумалак", "Нозанин", "Бешқарсак", "Достон" каби ўнлаб халқ ансамбллари ўз санъатларини хорижий мамлакатларда ҳам намойиш этишган. Шу даврда "Пахтаой" ва "Булбулча" каби болалар ансамбллари ҳам шуҳрат қозонган. Бир қатор дорбозлар гуруҳлари ҳам ташкил топган.

Ўзбекистоннинг мустақиллиги туфайли Бадиий ҳаваскорликда ҳам янги давр бошланди. Тарихга, маънавий меросга, халқ ижодиётига эътиборнинг кучайиши ўз навбатида Бадиий ҳаваскорлик ривожига ҳам туртки берди. Айниқса, миллий байрам, наврўзнинг тикланиши ва мамлакат миқёсида ўтказилиши натижасида наврўз билан боғлиқ ўйинлар, томошалар, маросимлар тикланди. Бунда малакали санъаткорлар билан бир қаторда Бадиий ҳаваскорлик жамоалари, халқ ижодкорларининг хизматлари катта бўлди. Бу даврда эстрада ҳаваскорлиги тараққий топди. Халқ ўйинларини тиклаш ва янада ривожлантиришга қаратилган байрамларни ўтказиш анъанавий тус олди. Фолклор ва этнография, рақс санъати, дорбозлик, қўғирчоқ театри, аския, қизиқчилик ва машарабозлик йўналишларидаги жамоаларнинг фаолияти изчил ва самарали бўлди. Болаларнинг "Томоша" номли ўзига хос мусиқали театри майдонга келди. Айниқса, 80-йилларда инқирозга учрай бошлаган Бадиий ҳаваскорлик театри қаддини ростлашга киришди. 1999-йилдан ўтказила бошлаган "Ниҳол" театр санъати ҳаваскорлиги республика кўриктанлови натижалари шундан далолатдир.

Ҳар йили кенг нишонланадиган Мустақиллик, Наврўз байрамларининг катта томошалари дастурида Бадиий ҳаваскорлик вакилларининг иштироки мазкур санъат йўналишини янада ривожланишида катта туртки бўлмоқда. Ўзбекистон Республикасида бир қанча мусиқа жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, драма ва ҳаваскорлик тўгараклари мавжуд. Бу жамоаларга (энг йирик клубларда), асосан, профессионал актёр, режиссёр, мусиқачи, балетмейстер ва бошқа раҳбарлик қилади. Уларнинг репертуарлари ўзбек ва жаҳон халқлари драматургларининг асарлари, қўшиқ ва рақсларидан иборат. Мусиқа, хор, рақс Бадиий ҳаваскорлик ида эришилган катта ютуқлар турли кўрик ва танловлар, фестивалларда намойиш этиб борилади. Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг Бадиий ҳаваскорлик гуруҳдари (мас, корейс, қозоқ, рус ва бошқалар) мавжуд. Ўзбекистондаги профессионал санъат жамоалари (театрлар, ашула, рақс ансамбллари ва бошқалар) ўз сафини кўп ҳолларда ҳаваскорлар ҳисобига тўлдириб боради.

Ўзбекистонда тасвирий ва амалий санъат соҳасида ҳам ҳаваскорлик тез ривожланмоқда. Ҳаваскор рассом, ҳайкалтарош, наққош, ўймакор, зарбчи, рихтагар, кулол, каштадўз, зардўзларнинг фаолиятлари санъат ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Кино ва фотоҳаваскорлик жамоалари ўз ижодларида Ўзбекистон табиатини, ундаги меҳнат жараёнини, фан ва маданият соҳасидаги муваффақиятларни акс эттиришга институтилмоқдалар.

Болалар орасида Бадиий ҳаваскорлик санъатнинг ҳар хил турлари бўйича болалар билан синфдан ва мактабдан ташқари ўтказиладиган машғулотлардир. Бунинг натижасида болаларда бадиий-ижодий эҳтиёж ва қизиқишлар уйғотилади, қобилиятлари ўстирилади, уларга эстетик тарбия ва бадиий таълим берилади. Болалар Бадиий ҳаваскорлик ги халқ талантларини аниқлаш ва камолга етказишнинг илк босқичи бўлиб, ўқувчиларни келгусида санъат соҳасида профессионал маълумот олишга тайёрлайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил