Баҳром Давлацҳоев (1871-йил, Каттақўрғон — ?, Архангелск) — „Ёш бухороликлар“ партияси аъзоси. Каттақўрғон шаҳар молия бўлимида ишлаган.

Баҳром Давлацҳоев
Таваллуди 1871-йил
Вафоти Архангелск
Фуқаролиги Бухоро амирлиги, Бухоро Халқ Совет Республикаси, СССР
Касби Шоир, ёзувчи
Фаолият йиллари 1910—1929
Отаси Давлацҳо

Баҳром Давлацҳоев 1871-йилда Каттақўрғонда туғилган. Отаси Давлацҳонинг миллати татар бўлиб, тикувчилик билан шуғулланган.

Баҳром Давлацҳоев ўрта таълимни ҳам эски мактаб, ҳам европача мактабларда олган. Шундан кейин Бухоро амири хизматига кириб, дастлаб мирохўр, сўнг амирнинг шахсий тилмочи вазифаларини бажарган. Баҳром Давлацҳоев Бухоро воҳасида сарой мулозими, маърифатпарвар шоир сифатида танилган. 1910-йили унинг биринчи шеърий тўплами босмадан чиққан. Бухородаги жадидчилик ҳаракати вакили, „Ёш бухороликлар“ ташкилотининг фаолларидан бири сифатида „Бухорои Шариф“ рўзномасини тайёрлашда иштирок этган. Мусо Саиджонов қўл остидаги „Баракат“ Бухоро китоб дўкони муассисларидан бири бўлган.

Россияда юз берган феврал инқилобидан кейин „Ёш бухороликлар“ Бухоро амирлигининг келажаги масаласида Мирзо Иброҳим Субҳийнинг уйида мажлис ўтказадилар. Мажлис якуний қарори билан жадидлар Муваққат ҳукумат билан алоқа ўрнатиб, Бухоро ҳукумати учун мустақиллик сўрашга келишиб олганлар. Шундан сўнг „Ёш бухороликлар“ Муваққат ҳукумат номига телеграмма ёзишни ташкил этади. Телеграммани Баҳром Давлацҳоев ёзганлиги сабабли амир қаҳр-ғазабидан қўрқиб, Оренбург шаҳрига жўнайди. Оренбургда вақти „Вақт“ рўзномасида ишлай бошлайди. Бироз муддат ўтиб, „Ёш бухороликлар“ қўмитаси „Вақт“ газетаси таҳририятига телеграмма ёзади. Унда Баҳром Давлацҳоевнинг тезлик билан Петроградга бориши ва Муваққат ҳукуматдан Бухоро учун мустақиллик сўраши талаб этилади. Баҳром Давлацҳоев партиянинг буйруғини бажариш учун 1917-йил мартида Петроградга йўл олади. Давлацҳоев мусулмон фраксияси орқали Муваққат ҳукуматдан Бухоро амиридан „Ёш бухороликлар“ учун тўла эркинлик берилишини сўрайди. Икки кун ўтиб, Баҳром Давлацҳоевга ушбу масала юзасидан Бухоро шаҳрига телеграмма ва уч кишилик гуруҳ жўнатилаётгани маълум қилинади. Давлацҳоев Бухорога қайтишда Оренбург вокзалида „Ёш Бухороликлар“ фаолларидан бири Фитратни учратади. „Ёш бухороликлар“ қўмитаси Фитратни ҳам Петербургга ушбу вазифа билан йўллаган эди. Фитрат ва Давлацҳоев бирга Бухорога қайтади[1].

Баҳром Давлацҳоев шўролар ҳукуматининг илк кунларидан унга қарши курашга киришади. Колесов воқеаси вақтида масжидларга бориб ҳаммани шўроларга қарши курашга, қўлга қурол олишга чақиради. Колесов воқеаларидан кейин Эски Бухорони тарк этиб, Каттақўрғонга қайтиб масжид имоми сифатида фаолият юритади. 1920-йилда Бухоро инқилобидан кейин Эски Бухорога қайтади. Файзулла Хўжаев ҳукумати уни 1917-йил Петроградга сафари учун харажатларини ҳисоблаб, 50 минг сўм миқдорида пул ажратади ҳамда амир томонидан мусодара этилган Эски Бухородаги уйини ўзига қайтариб беради.

1921-йилда Бухоро Халқ Совет Республикасида дастлаб халқ терговчиси, сўнг ҳукумат идораси ходими вазифаларида ишлайди. Бухоро матбуоти саҳифаларида турли чиқишлар қилади. Бироқ шўроларнинг ҳокимиятни тўлиқ қўлга олишига тиш тирноғи билан қарши бўлган. Шунинг учун уни Бухорода совет ҳукуматига қарши қўзғолон уюштираётганликда айблаб, ҳибсга олишади[2]. 1923-йилда қамоқдан чиқиб, Бухоро шаҳридаги бир вақтлар амир томонидан берилган уйини сотиб, Каттақўрғон шаҳрига кўчиб ўтади.

Баҳром Давлацҳоев Каттақўрғонда яна Туркистон Республикаси МИҚ томонидан шаҳарнинг молия бўлимига ишга қабул қилинади.

Қатағон этилиши

1929-йилнинг 5-ноябрида Баҳром Давлацҳоев бошчилигида Каттақўрғон ва шу атрофда яшаган собиқ гилдия савдогарлари, диндорлар қулоқ деб топилади. Давлацҳоевнинг уйида тинтув ўтказилиб, катта кутубхонаси, 4 таржима асари ва бошқа асарлари олиб қўйилган.

1930-йил 23-апрелда ОГПУ мажлисида Баҳром Давлацҳоев 5 йил Севкрайга конслагерига ҳукм қилинади. Баҳром Давлацҳоев жазони ўташ вақтида Архангелскда вафот этгани ҳақида маълумот мавжуд. Бироқ бошқа ҳеч бир тафсилот учрамайди.

Манбалар

  1. ↑ „Баҳром Давлацҳоэв“. 2023-йил 23-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 23-июл 2023-йил.
  2. ↑ „Баҳром Давлацҳоев ким эди?“. Қаралди: 23-июл 2023-йил.