Bahrom Haydariy
Баҳром Ҳайдарий (1900-йил; Тошкент — 1951-йил; Красноярск) — журналист ва педагог. Қатағон қурбонларидан бири.
| Баҳром Ҳайдарий | |
|---|---|
| Файл:Баҳром Ҳайдарий.жпг | |
| Таваллуди |
1900-йил |
| Вафоти |
1951-йил Красноярск шаҳри |
| Таълими | Ўрта Осиё давлат университети |
| Касби | журналист ва педагог |
Ҳаёти
Баҳром Ҳайдарий 1900-йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Бошланғич таҳсилни Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги мактабда олгач, „Бекларбеги“ мадрасасида ўқишни давом эттирган. Сўнгра, янги усул мактабида таълим олган[1].
Дастлаб, ўқитувчилар тайёрлаш курсларида, 1919—1921-йилларда эса аввал Боку шаҳрига, кейин Истанбулга бориб, муаллимлар семинариясида ўқиган. Тошкентга қайтиб, Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) Шарқ бўлимига ўқишга кирган[2].
Ҳайдарий Ҳамза, Ойбек, Элбек, Акмал Икромов, Абдулҳай Тожиев, Қаюм Рамазон, Салимхон Тиллахонов, Маннон Уйғур каби маданият арбоблари, адабиёцҳунослар, олимлар қаторида Мунавварқори Абдурашидхоновнинг шогирди бўлган[3].
Фаолияти
1921-йил Истанбулдан қайтгач, фаолиятини маданий соҳаларда давом эттирган. Санъат музейида ҳамда Тошкент округ ижроия комитетида турли вазифаларга масъул шахс этиб тайинланган. 1925-йилдан „Қизил Ўзбекистон“ газетасида фаолият юритган. Бундан ташқари, „Ер юзи“ журналининг бўлим мудири сифатида иш олиб борган. Кейинчалик, „Ўзбеккино“да фаолият олиб бориб, таржимонлик билан шуғулланган. Сўнг, Ўрта Осиё ирригация инжинер ва техникалари институтида талабаларга ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ берган. Институтда Ҳайдарий ташаббуси билан „Ўзбек тили ва адабиёти“ кафедраси ташкил этилган.
Ҳайдарий тараққийпарвар, иқтисодчи Азиз Хўжаев билан яхши муносабатда бўлган. Хўжаевнинг Германияда таҳсил олиб қайтган дўстлари Қиёмиддин Киромиддин, Атоулло Сайфулмулк, Омонулло Нусратулло, шунингдек, хонанда Назира Аҳмедова, ёзувчи Кибалчич, Мансурбек Худоёрхонов билан бўладиган доимий давра суҳбатларда қатнашган.
Илмий-адабий мероси
Баҳром Ҳайдарий „Тўғрул“ тахаллуси билан танилган. Унинг ҳикоя ва мақолалари матбуотда чоп этилиб турган. 1916-йилги Жиззах қўзғолонига бағишланган „Масжид гумбазлари остидан“ филмини таҳлил қилиб, ундаги камчиликларни ёритган. 1926-йил „Ер юзи“ журналининг 10-сонида ижодкорнинг „Кўргулик“ ҳикояси чоп этилган.
Қатағон қилиниши
1937-йил 15-ноябрда Баҳром Ҳайдарий асоссиз ишдан олинган. Орадан бир ой ўтиб, унга Туркияда ўқиганлиги учун айблов қўйилиб, Россиянинг Свердловск вилоятидаги Тавда шаҳрига ўн йил муддатга сургун қилинган. Нажот исмли ўғли сургунда эканлигида туғилган. Бир неча йил давомида оиласидан узоқда сургунда бўлиб, 1947-йил Сирдарё вилояти Мирзачўл туманида яшаш учун қайтишга рухсат олган. 1948-йил ўғли ва яқинлари билан яширин равишда кўришишга муваффақ бўлган. Шу йили Ҳайдарий иккинчи бор ҳибсга олинган ва Красноярск шаҳридаги Сухово қишлоғига сургун этилган. 1951-йил шу ерда вафот этган[4].
Манбалар
- ↑ „Баҳром Ҳайдарий“. жадидлар.уз. Қаралди: 16-март 2025-йил.
- ↑ „Баҳром Ҳайдарий“. тарих.синапс.уз. Қаралди: 16-март 2025-йил.
- ↑ „Абдурашидхонов Мунаввар қори“. арбоблар.уз. Қаралди: 16-март 2025-йил.
- ↑ „БАҲРОМ ҲАЙДАРИЙ“. жадид.уз. Қаралди: 16-март 2025-йил.