Абу ал-Музаффар Баҳром ал-Арманий ал-Ҳофизий (арабча: بهرام‎‎) 1135–1137-йилларда халифа ал-Ҳофиз даврида Фотимий халифалигининг вазири бўлган.

Ҳаёти

Ривоятларга кўра, Баҳром арманлар яшайдиган Телл Башир қишлоғидаги зодагон оиладан чиққан, аммо унинг Фотимийлар хизматига қачон ва нима сабабдан киргани номаълумлигича қолмоқда[1]. Унинг укаси Мисрнинг биринчи арман метрополити — Григорий бўлиб, айрим манбаларда ҳатто арман патриархи ёки католикос деб ҳам аталади[1][2]. Баҳром ҳарбий фаолиятни танлаб, Делта ғарбий вилоятининг (ал-Ғарбийя) ҳокими бўлди.

Халифа ал-Ҳофизнинг икки ўғли, Ҳайдара ва Ҳасан ўртасидаги ички курашлар чоғида Баҳром шаҳзода Ҳасанга ёрдам беришга чақирилди[3]. Бироқ Баҳром ўз қўшинлари билан Қоҳирага етиб келганида, Ҳасан аллақачон ўлдирилган эди[1]. Баҳромнинг келиши билан шаҳардаги арман қўшинлари халифани, арман бўлса ҳам Баҳромни вазир деб эълон қилишга мажбур қилдилар[2]. 1135-йил 4-апрелда Баҳром вазирликка хос либос ва унвонларни қабул қилди ва кўринишидан унинг энг кўп ишлатилган унвони Таг ал-давла (салтанат тожидир) бўлган[2]. У Фотимий вазирларининг одатий унвонлари бўлган ва мусулмон диний тузилмаси устидан назоратни англатадиган (қозил қуззот ва доий дуот) мартабаларни олмади[4].

Насронийнинг вазирлик лавозимига тайинланиши мусулмонлар орасида кескин норозилик уйғотди, чунки бу мансаб имом-халифанинг вакили деб қараларди ва бу лавозим ислом маросимларидаги маълум ролларда мусулмон уламоларидан устун мақомни ўз ичига оларди[5]. Шу ҳамда Баҳромнинг про-арман сиёсати натижасида ал-Ғарбийянинг янги ҳокими Ридвон ибн Валахший ҳарбий қўзғолон кўтариб, Баҳромга қарши жиҳод қилишга даъват этди, бадавийлардан қўшин тўплаб, Қоҳирага юриш қилди. Баҳромнинг мусулмон аскарлари уни тарк этдилар ва у 3-феврал куни ўзига содиқ қўшинлар билан Қоҳирани ташлаб, укаси ҳокимлик қилаётган Қус шаҳрига йўл олди[1][6]. Унинг кетганидан сўнг пойтахтда арманларга қарши погром бошланди, ҳатто вазир саройи талон-торож қилинди ва Баҳромнинг укаси Григорийнинг қолдиқлари ҳам таҳқирланди[6].

Бироқ Баҳром Қусга етиб келишидан олдин укасини маҳаллий аҳоли ўлдирган эди. Бунга жавобан Баҳром шаҳарни талан-тарож қилди, лекин халифани бутунлай ўзига қарши қўймаслик учун шаҳарни ёқиб юбориш ҳақидаги чақириқларга қулоқ тутмади[7]. Сўнг Баҳром Фотимийлар давлатининг жанубий чегарасидаги Асвонга қараб йўл олди. Айрим манбаларга кўра, у жанубдаги Нубия насроний қиролликлари билан иттифоқдаги янги давлат тузишни кўзлаган, бироқ маҳаллий ҳоким дарвозаларни ёпиб қўйган ва Баҳром Ахмим яқинидаги Оқ монастирга чекинишга мажбур бўлди[7]. У ерда унга ал-Ҳофиздан мактуб етказилди, унда енгил шартлар таклиф этилганди: у Қус, Ахмим ёки Асютдан бирининг ҳокимлигини танлаши, лекин ўз издошларидан фақат бир қисмини ўзида қолдириши мумкин эди ёки Ахмим яқинидаги монастирлардан бирига кириши, ўзи ва қариндошлари учун ҳимоя хати (омонлик) олиши мумкин эди. Баҳром иккинчи вариантни танлади[8].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 Cанард 1960, с. 939.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Ҳалм 2014, с. 189.
  3. ↑ Ҳалм 2014, с. 188.
  4. ↑ Ҳалм 2014, с. 190.
  5. ↑ Ҳалм 2014, сс. 190–192.
  6. ↑ 6,0 6,1 Ҳалм 2014, с. 192.
  7. ↑ 7,0 7,1 Ҳалм 2014, с. 193.
  8. ↑ Ҳалм 2014, сс. 193–194.

Ҳаволалар

Олдингиси Фотимий халифалигининг вазири
1135–1137
Кейингиси