Абу ал-Ҳусайн Бажкам ал-Маканий (арабча: أبو الحسين بجكم المكاني‎‎), Бажкам, Баджкам ёки Бачкам номи билан аталган (бäčкäм – форсча ва туркча сўз бўлиб, от ёки қўтос думи деган маънони англатади[1]), Аббосийлар халифалигида хизмат қилган турк ҳарбий қўмондони ва амалдори. Зиёрийлар сулоласининг собиқ ғуломи бўлган Бажкам 935-йилда зиёрий ҳукмдори Мардавиж ўлдирилгач, Аббосийлар хизматига ўтган. Бағдодда халифалик саройида беш йил давомида фаолият юритган даврида „амир ул-умаро“ (амирлар амири) унвонини олган ва халифалар ар-Радий ва ал-Муттақий устидан ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб, уларнинг ерларида мутлақ ҳокимиятни қўлга киритган. Бажкам ҳукмронлиги давомида унга турли рақиблар, жумладан, аввалги амир ал-умаро Муҳаммад ибн Роиқ, Басрадаги Баридийлар ҳамда Эроннинг Бувайҳийлар сулоласи қаршилик кўрсатган бўлса-да, Бажкам ҳокимиятни қўлда ушлаб қолишга муваффақ бўлган. 941-йилда, ал-Муттақий халифа этиб тайинланганидан кўп ўтмай, Бажкам ов пайтида курдлар гуруҳи томонидан ўлдирилган. У ўзининг қатъий бошқаруви ҳамда Бағдоддаги зиёлиларга кўрсатган ҳомийлиги билан танилган бўлиб, кўпчилик зиёли шахслар уни ҳурмат қилган, шунингдек, айримлари билан дўстона муносабатда бўлган. Бажкамнинг ўлими марказий ҳокимиятда бўшлиқ юзага келишига сабаб бўлган ва Бағдодда қисқа муддатли беқарорлик ҳамда тўқнашувларга олиб келган.

Абū ал-Ҳусайн Бажкам ал-Маканий
أبو الحسين بجكم المكاني

Ҳижрий 329-йилга (милодий 940/941) оид халифа ал-Муттақийга тегишли кумуш дирҳам, унда халифа ал-Муттақий ва Бажкамнинг исмлари туширилган.
Аббосийлар халифалиги
Мансаб даври
938-йил сентябр – 941-йил 21-апрел
Ўтмишдоши Муҳаммад ибн Роиқ
Вориси Куранкиж
Шахсий маълумотлари
Вафоти 941-йил 21-апрел

Манбалар

  1. ↑ Cанард (1960), пп. 866–867