Bakjur
Бакжур Ҳалаб Ҳамдонийларига, кейин эса Миср Фотимийларига хизмат қилган черкас ҳарбий қул (мамлук ёки ғулом) бўлган.975-йилда Ҳалабни қўлга киритиб, шаҳарни 977-йилгача бошқарган. Шу йили Ҳамдонийларнинг қонуний ҳукмдори Саъд уд-Давла шаҳарни қайта эгаллади. 983-йилда Ҳомс шаҳри ҳокими этиб тайинланган Бакжур Фотимийлар томонига ўтиб, Ҳалабга ҳужум уюштирди. Бироқ, Византия қўшинларининг аралашуви туфайли ҳужум мағлубиятга учради. Шундан сўнг, Бакжур 988-йилгача Фотимийларнинг Дамашқдаги ҳокими бўлди. 991-йилда Ҳалабни эгаллаш учун сўнгги уринишни амалга оширди. Бироқ, Византия аралашуви туфайли бу ҳаракат ҳам мувафаққияцизликка учради. Бакжурни Саъд уд-Давла қўлга олди ва қатл эттирди.
Ҳаёти
Бакжур асли Ҳамдонийлар ёллаган черкас ҳарбий қул бўлган[1]. 969-йилда амир Сайф ад-Давланинг қудратли вазири Қарқуянинг ўринбосари лавозимига кўтарилган эди. 967-йилда Сайф ад-Давланинг вафотидан сўнг, Қарқуя Ҳалаб ҳокимлигини қўлга олиб, амалда Сайф ад-Давланинг ўғли Саъд уд-Давлани мулкидан маҳрум қилди. Саъд уд-Давла эса узоқ саргардонликдан кейин Ҳомсдан бошпана топишга эришди[2][3].

975-йилда Бакжур Қарқуяни тахтдан ағдариб, ҳибсга олди ва Ҳалабни эгаллаб олди. Бу воқеа Саъд уд-Давлани отасининг пойтахтини қайтариб олиш учун уринишга ундади. Отасининг баъзи ғуломлари ва, энг муҳими, Ҳалаб атрофида истиқомат қилаётган қудратли Бану Килабнинг кўмаги билан Саъд уд-Давла Ҳалабни қамал қилиб, эгаллай олди. Қарқуя озод қилиниб, бир неча йилдан сўнг вафот этгунига қадар яна давлат ишларини бошқариш ишониб топширилди. Бакжурга эса Ҳомс шаҳри ҳокимлиги берилди[1][2][4]. Саъд уд-Давла ўз амирлиги устидан назоратни қайта тиклай олган бўлса-да, аҳволи танг эди. Бунинг боиси, Ҳалаб шаҳри икки йирик давлат — Византия империяси ва Фотимийлар халифалиги ўртасида жойлашган бўлиб, улар Ҳамдонийлар амирлиги ва у билан бирга Шимолий Сурия устидан ҳукмронлик қилиш учун рақобатлашмоқда эдилар. Ҳалаб 969-йилдан буён Византия империясига бож тўлаб келар, бу ҳолат эса Саъд уд-Давланинг ғазабини қўзғатар эди. Бошқа томондан, Фотимийлар халифаси ал-Азизнинг амирликни тўғридан-тўғри ўзига қўшиб олишидан сақланиш учун Византия ёрдамига таянишга мажбур эди[4][5].
983-йилда Саъд уд-Давла билан жанжаллашиб қолган Бакжур Фотимийлар томонига ўтган. Фотимийлар уни қўшин билан таъминлагач, сентябр ойида Ҳалабга ҳужум қилди. Саъд уд-Давла ёрдам сўраб Византия императори Василийга мурожаат қилди. Фотимийлар қамалини Бардас Пҳокас Кичик бошлиқ қўшин қайтарди. Сўнгра византияликлар октябр ойида Ҳомсни талон-тарож қилишга киришди. Шаҳар Ҳамдонийлар назоратига қайтарилди. Бакжур эса Фотимийлар ҳудудига қочиб кетди[6][7].
Бакжур энфи ал-Азизга мурожаат қилиб, Дамашқ шаҳри ҳокимлигини талаб қилди. Бу талаб Сурияда кенгайишни маъқуллаб, Бакжурни Ҳалабни қўлга киритиш воситаси сифатида кўрган халифа ал-Азиз ҳамда халифага узоқ вақтдан буён хизмат қилиб келаётган вазир Яъқуб ибн Киллис ўртасида келишмовчилик келтириб чиқарди. Яъқуб ибн Киллис бунақа сиёсатга қарши эди. Бундан ташқари, ўз ҳомийси бўлган амалдаги ҳоким Балтакинни сақлаб қолишни истарди[8]. Шаҳардаги нуфузли гуруҳлар, айниқса Манассеҳ ибн ал-Қаззаз раҳбарлигидаги яҳудийлар ва турк ҳарбий ташкилоти Бакжурнинг маҳаллий араб қабила етакчилари, хусусан Муфарриж ибн Дағфал бошлиқ Бану Тайй билан алоқаси сабаб тайинланишига қарши чиқдилар. Охир-оқибат, ал-Азиз барча эътирозларни рад этиб, 983-йил декабрида шаҳарни Бакжурга топширишни буюрди[8][9].
Бакжурнинг Дамашқдаги ҳукмронлиги у дуч келган мухолифат туфайли жуда нотинч кечди. Қаршиликни шафқациз усуллар билан бостириши натижасида халқ орасида обрўсини йўқотди. Ҳокимликка киришганидан кўп ўтмай, Манассеҳ ибн ал-Қаззазнинг яҳудий тарафдорларидан бирини қатл қилди. 987-йилда эса Ибн Киллис ҳомийлик қилган уни тахтдан ағдариш режаси шаҳар бўйлаб Бакжурнинг рақинлари оммавий қирғин қилинишига сабаб бўлди[8][9]. Ниҳоят, 988-йил баҳорида Ибн Киллис ал-Азизни Бакжурни ҳокимиятдан четлатишга кўндириб, Мунис қўмондонлигидаги қўшинни Дамашққа жўнатди. Бакжур ва унинг араб иттифоқчиси Муфарриж Мунис бошлиқ Фотимий қўшинлари ва уларнинг араб қабилаларидан бўлган иттифоқчилари билан тахминан икки ой давомида кураш олиб борди. Шундан сўнг, Мунис Дамашқнинг жануби-шарқида жойлашган Дария шаҳридаги жангда йирик ғалабага эришди. Ҳафсаласи пир бўлган Бакжур афв ва эркин ўтиш ваъдасини олиб, 29-октябр куни Фурот бўйидаги Раққа шаҳрига жўнаб кетди. Ўрнига Ибн Киллиснинг бошқа ҳомийси, ғулом Яъқуб ас-Сиқлабий тайинланди[4][8][10].
Бакжур Раққада туриб, Ҳалабни қайтариб олиш умидида Саъд уд-Давлага қарши фитна уюштиришда давом этди. Саъд уд-Давла яна Византия ёрдами билан 991-йил апрел ойида Ҳалаб шарқидаги Наъура ёнида Бакжурни мағлуб этиб, асир олишга эришди ва кейинроқ уни қатл эттирди[7][8][11].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Кеннедй 2004, с. 281.
- ↑ 2,0 2,1 Cанард 1971, с. 129.
- ↑ Кеннедй 2004, с. 280.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 Стевенсон 1926, с. 250.
- ↑ Кеннедй 2004, сс. 280–281.
- ↑ Стевенсон 1926, сс. 249, 250.
- ↑ 7,0 7,1 Cанард 1971, с. 130.
- ↑ 8,0 8,1 8,2 8,3 8,4 Кеннедй 2004, с. 324.
- ↑ 9,0 9,1 Гил 1997, с. 365.
- ↑ Гил 1997, сс. 365–366.
- ↑ Стевенсон 1926, сс. 249, 250–251.
Адабиётлар
- Cанард, Мариус (1971). "Ḥамдāнидс". ин Леwис, Б.. Энcйcлопаэдиа оф Ислам. Волуме ИИИ: Ҳ–Ирам (2нд нашри). Леиден: Э. Ж. Брилл. 126–131 б. ОCЛC 495469525. ҳттп://референcеwоркс.бриллонлине.cом/энтриэс/энcйcлопаэдиа-оф-ислам-2/ҳамданидс-CОМ_0259.
- Андоза:А Ҳисторй оф Палестине, 634-1099
- Кеннедй, Ҳугҳ. Тҳе Пропҳет анд тҳе Аге оф тҳе Cалипҳатес: Тҳе Исламиc Неар Эаст фром тҳе 6тҳ то тҳе 11тҳ Cентурй, Сеcонд, Ҳарлоw: Лонгман, 2004. ИСБН 978-0-582-40525-7.
- Стевенсон, Wиллиам Б. „Чаптер ВИ. Ислам ин Сйриа анд Эгйпт (750–1100)“, . Тҳе Cамбридге Медиэвал Ҳисторй, Волуме В: Cонтест оф Эмпире анд Папаcй. Неw Ёрк: Тҳе Маcмиллан Cомпанй, 1926 — 242–264-бет.
- 991-yilda vafot etganlar
- Cherkas mamluklar
- Damashqning Fotimiy hokimlari
- Gʻilmon
- Halabning Hamdoniylar amirligi kishilari
- Homsning harbiy tarixi
- Arab—Vizantiya urushi ishtirokchilari
- Qatl etilgan harbiylar
- Tugʻilgan yili nomaʼlum boʻlgan kishilar
- Qochoqlar
- 10-asr Fotimiylar xalifaligi kishilari
- Fotimiylar xalifaligi qullari
- Fotimiylar gʻilmoni
- Halabning harbiy tarixi