Bakovul
Баковул, буковул – 1) Чингизхон даврида ва темурийлар саройида таом ва ичимликлар тайёрловчи ошпазлар бошлиғи; 2) Олтин Ўрда хонлигида қўшинга маош-улуфа улашиш, ўлжаларни тақсимлаш сингари вазифаларни бажарувчи юқори мансабдор. Баковулнинг ҳурмат-эътибори жуда юқори бўлган, унга туманбеги ва мингбегилар ҳам бўйсунган; 3) Бухоро амирлигида сарой дастурхончиси, ҳукмдорга таом тортишдан олдин уни аввал ўзи тотиб кўрувчи бош ошпаз.
Луғавий маъноси
Баковул, буковул – подшоҳ, хон, ва лашкарларга овқат тайёрлаш устидан назорат олиб борувчи, ҳукмдорга таом тортишдан олдин уни аввал ўзи татиб кўрувчи мансабдор, бош ошпаз (ХВ аср ва ундан кейинг давр)[1].
Этимологияси
Эски ўзбек тилида баковул (хон дастурхончиси ёки бош ошпаз), сўзовул (қочоқ аскарларни ўз тўдасига қайтарувчи амалдор), тамоғчи (тамға босувчи, бож олувчи амалдор), тунқотар (тунги қоровул, амал номи), човуш (худойчи, эшик оғаси), эшикоғаси (дарвоза соқчиси), ясовул (интизом учун мас’ул), аёғчи // аёқчи (соқий, май қуювчи), битикчи (хат ёзувчи, котиб), бовурчи (ошпаз), борсчи (йўлбарс ўйнатувчи), олғинчи (тўпловчи), ўзанлар (чолғу чалиб, ялла, ашула қилувчи шахслар), ўтмакчи(новвой) каби унвон, мансаб номларини билдирувчи қуйидаги касб-ҳунар номлари ҳам бугунги кунга келиб тарихий сўзга айланди[2].
Бовурчи – Чингизхон даврида та’сис қилинган сарой амалларидан бири, аниқроғи озиқ-овқат ва ичимлик мутасаддиси. Кейинчалик у (озиқ-овқат тайёрлаш, татиб кўриш ва тортиш учун мас’ул амалдор) баковул деб аталган. Қарши туманида Бовурчи қишлоғи қайд қилинган. Бу сўз этнонимга ҳам айланган.
Вазифаси
Баковул – тарихда подшоҳ, хон ва лашкарларга овқат тайёрлаш устидан назорат олиб борувчи, ҳукмдорга таом тортишдан олдин уни аввал ўзи тотиб кўрувчи мансабдор, тўйларда таом тайёрловчи ошпаз, пазанда. Тўй ва байрам муносабати билан ўтказиладиган кураш, пойга, улоқ каби мусобақаларини бошқарувчи[3].
Яна қаранг
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |