Файл:Მელიტონ ბალანჩივაძე.жпг

Баланчивадзелар - жаҳонга танилган грузин санъаткорлар оиласи. Мелитон Антонович (1862.12/ 24.12, Чхалтубо тумани Баножа қишлоғи — 1937.21.11, Кутаиси) — композитор, опера хонандаси, жамоат арбоби, мусиқа фолклоршуноси. Грузия халқ артисти (1933). Грузия композиторлик санъатининг асосчиларидан, биринчи грузин операси ("Дарежон", 1897), илк грузин романсларининг муаллифи. Тбилисида этнографик хор (1882), Петербургда машҳур "грузин консертлари"ни (1895 — 1917), Кутаисида мусиқа билим юртини (1918) ташкил қилган. Андрей Мелитонович (1906.19.5/1.6, Петербург — 1992, Тбилиси) — композитор, педагог , жамоат арбоби. Мелитон Антоновичнинг ўғли. Тбилиси (1927) ва Ленинград (1931) консерваторияларини битирган. 1935-йилдан Тбилиси консерваторияси (1942-йилдан профессор, 1962-йилдан композиция кафедраси мудири), Грузия Композиторлар уюшмаси (1953-йилдан раиси, 1973-йилдан фахрий раиси)да ишлаган. Биринчи грузин балета ("Тоғлар қалби", 1936; Навоий театрида ҳам қўйилган, 1940) ва симфонияси (1944) нинг муаллифи. Шунингдек, "Мзия" операси (1950), 2 та симфония, "Карсанис жанги", "Денгиз", "Днепр" симфоник лавҳалари, 4 та фортепиано консерта ва бошқа асарларни яратган. Георгий Мелитонович (1904.9Ғ22.1, Петербург - 1983, Ню-Ёрк) — америкалик хореограф ва балет артисти. Замонавий балет санъатининг асосчиларидан. Дунёга Жорж Баланчин номи билан машҳур. Мелитон Антоновичнинг ўғли. Петербург театр билим юртини (1921) битирган. 1921 — 1924-йилларда Петроград академик балет театрининг яккахон артисти, "Ёш балет" труппасининг ташкилотчиси. 1924-йилдан чет эл (Европа ва Америка) да яшаган. Дягилев театри (Париж)да қатор балетларни саҳналаштирган. 1934-йилда АҚШда балет мактабини ва Америка балет труппасини, 1948-йилда "Ню-Ёрк сити балет" труппасини ташкил этган. Лондон, Париж, Милан, Копенгаген ва бошқа Европа шаҳарларида 100 дан зиёд балетларни саҳналаштирган, шу жумладан мумтоз чолғу, симфоник ва опера (И. С. Бах, Г. Ф. Гендел, В. А. Моцарт, Ж. Визе, И. Стравинский ва бошқалар) асарларига балет яратган. "Машҳур балетларнинг батафсил тарихи" китобининг муаллифи.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил