Баланд дароза- Агра яқинидаги Фотиҳпурсикри шаҳарчасидаги сарой масжидининг дарвозаси. Акбаршоҳ даври (1556 – 1605) меъморлигининг маҳобатли ёдгорликларидан бири. Баланд дарвоза Гужарот вилоятининг олиниши шарафига, эски дарвоза ўрнига қизил тошдан қурилган (1602), зиналари оқ мармардан. Дарвозахонанинг кенглиги 43 м, баландлиги 46 м, гумбазли йўлак баландлиги 41 м. Арабий хатлар билан безатилган баланд пештоқнинг ён деворлари қиррали. Пештоқ устидаги нафис гумбазчалар тизмаси Баланд дарвоза ни дабдабали ва улуғвор қилиб кўрсатади. Деворлардаги араб ёзувлари, ўйма нақшлар, равоқ ва равоқчалар, нозик гулдасталар Баланд дарвоза ни Шарқ меъморлигининг ажойиб ёдгорликларидан бирига айлантирган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил