Балж (инг . булге — қавариқлик) — Галактикамизнинг ядроси атрофидаги қавариқсимон кўринишдаги қобиқ. Таркиби асосан қизил гигантлар, миттилар, Лиранинг РР юлдузи каби қари юлдузлардан иборат. Массаси Галактикамизнинг ўз марказига нисбатан айланиши функсияси ёрдамида ҳисобланиб чиқилиб, 30 млрд. Қуёш массасига тенг экани аниқланган. Б. қатор бошқа нормал спирал галактикаларда ҳам кузатилади. Унинг хусусиятлари ҳар сафар эллиптик галактикаларни эслатади. Б.нинг пайдо бўлиши галактиканинг катта масштабдаги глобал эволюцияси билан тушунтирилади, аниқроғи унинг коллапс босқичи оқибатидир.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил