Балнеотерапия (балнео... ва терапия) — табиий ва сунъий тайёрланган минерал сувлар билан даволаш. Беморларга буюриладиган минерал сувнинг физиккимёвий хоссаси ва таркиби ҳар хил бўлади. Ундаги газлар, туз эритмалари, микроэлементлар ва бошқа моддалар одам организмига физиологик ва шифобахш таъсир қилади. Минерал сув, асосан, ванна сифатида ва ичиш учун буюрилади. Ундан фойдаланишда умумий ва маҳаллий ванналар, душ, бассейнларда чўмилиш, оғиз, бурун, томоқни чайиш, ингаляция, меъда-ичакларни ювиш каби усуллар кенг тарқалган. Минерал сувларнинг шифобахшлиги улар таркибида карбонат ангидрид, водород сулфид, азот, радиоактив модда — радон ва бошқа минерал тузлар борлигига асосланган. Минерал сувли ванналар организмдаги физиологик ва биологик жараёнларга тери ресепторлари, нафас йўлларидаги ресепторлар орқали механик, термик, кимёвий ва радиацион таъсир кўрсатади. Газли минерал сув ванналари таркибидаги кимёвий бирикмалар ва пуфакчалар тери орқали кўпроқ таъсир этади. Минерал сув ичилганда меъда-ичак йўлининг шиллиқ пардасига температураси, минерал моддалари ва газлари билан таъсир кўрсатади. У овқатдан бир оз олдин ичилса, меъдадан шира чиқиши тезлашади, 1—2 соат илгари ичилганда эса секинлашади. Шунинг учун меъдадан шира чиқиши камайганда овқатдан бир оз олдин, ошиб кетганда эса овқатдан 1 — 1,5 соат илгари ичилади. Минерал сув меъда-ичак фаолиятигагина эмас, балки бутун организмдаги моддалар алмашинувига, қон айланишига таъсир қилади. Иссиқсув томир уришини тезлаштирса, совуқ сув секинлаштиради ва томир тонусини кучайтиради. Организмда сув, кислота-ишқор мувозанатини, оқсилларнинг коллоидал хусусияти ва дисперслигини, ҳужайраларнинг сув бириктира олиш хусусиятини ўзгартиради, организмдаги тузлар мувозанати ҳам бир қадар ўзгаради. Балнеологик курортларда табиий карбонат ангидридли, водород сулфидли, радонли, ёд-бромли, хлорид ва натрийли тузлари бўлган минерал булоқ сувларидан даво сифатида фойдаланилади. Б. врач билан маслаҳатлашиб, унинг кўрсатмаларига қатъий амал қилган ҳолда, кўпинча балчиқ билан даволаш, иқлим билан даволаш ва парҳез каби комплекс даво усуллари билан бирга амалга оширилади.

Карим Иўлдошев

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил