Bandlik
Бандлик ёки аҳолини иш билан таъминлаш — меҳнатга лаёқатли аҳолининг ижтимоий фойдали меҳнат билан машғул бўлиши; фуқароларнинг шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган ва қонунларга зид келмайдиган, меҳнат даромади берадиган фаолияти[1]. Бандлик ходимни ижтимоий меҳнат тақсимотига асосланган аниқ меҳнат кооперациясига жалб этиш бўйича кишилараро муносабатларни ифода этади. Бандлик турли мулкчилик шаклларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда ёлланиб ишлаш билан чекланмай, айни пайтда тадбиркорликни, ўзини иш билан мустақил таъминлаш (ўзича бандлик)ни, шахсий томорқа хўжалигидаги ишни, уй хўжалигида банд бўлиш ва болаларни тарбиялаш билан шуғулланиш, давлат ва жамоат вазифаларини бажаришни, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида кундузги ўқишни ҳам ўз ичига олади.
Тўлиқ ва тўлиқсиз бандлик

Бандлик тўлиқ ва тўлиқсиз бўлиши мумкин. Тўлиқ бандлик амалда меҳнатга қобилиятли аҳолининг 90 — 92 % банд бўлишини назарда тутади. Бозор шароитларида тўлиқ бандлик жамият даражасида табиий ишсизликнинг бўлишини ҳам билдиради. Тўлиқ бўлмаган бандлик аксарият ҳолларда яширин кўринишга эга бўлиб, ходимларни расман банд деб ҳисоблашни назарда тутади, амалда ходимлардан қисқартирилган иш вақти даврида фойдаланишни англатади.
Иккиламчи бандлик
Иккиламчи бандлик амалда ўриндошлик бўлиб, ходимнинг қўшимча иш ҳақи топиш учун иш кучини ўзи асосий банд бўлган корхонага (асосий ишдан бўш вақтларда) таклиф этишини билдиради. Ўзича бандлик (ўзига иш топиш) даромад манбаи бўладиган фаолиятни мустақил излашни, давлатнинг турли даражадаги идоралари қўллаб-қувватлаши ёрдамида доимий ёки вақтинчалик даромад олиш учун иш ўринлари барпо этишни назарда тутади. Ўзича бандлик аксарият ҳолларда кичик бизнес кўринишига эга бўлади ва ходимларнинг ўз ташаббуслари билан турли истеъмол товарлари тайёрлаш ва хизматлар кўрсатиш бўйича якка меҳнат фаолияти билан боғлиқ.
Самарали бандлик
Тўлиқ ва самарали бандлик тушунчаларини ҳам бир-биридан фарқламоқ керак. Тўлиқ бандлик ишга муҳтож бўлганлар ва ишлашни хоҳлаганларнинг барчаси иш билан таъминланган ҳолатни билдириб, иш кучига бўлган талаб билан иш кучи таклифи ўртасида мувозанат мавжудлигини ифода этади. Самарали бандликни эса икки нуқтаи назардан: иқтисодий нуқтаи назардан — инсон ресурсидан энг оқилона фойдаланиш, ижтимоий нуқтаи назардан — меҳнатнинг инсон манфаатларига энг мувофиқ келиши жиҳатларидан тавсифлаш мумкин. Тўлиқ бандлик бандликни миқдор жиҳатдан, самарали бандлик эса сифат жиҳатдан тавсифлайди.
Меҳнат бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатнинг бўлмаслиги ҳамиша тўлиқ ва самарали бандликка шароит қолдирмайди. Агар таклиф талабдан ортиб кеца, албатта ишсизлик пайдо бўлади, талаб таклифдан ва реал эҳтиёжлардан ортиб кетган шароитларда эса яширин ишсизлик келиб чиқади. Бандлик ва ишсизликни, уларни керакли даражада сақлаб туриш мақсадларида тартибга солишнинг асосий механизми бандлик хизмати ишини ташкил этиш, касбга тайёрлаш ва касбга йўналтириш ҳисобланади.
Ўзбекистонда бандлик
Ўзбекистонда бандлик сиёсати бозор иқтисодиётига ўтишнинг биринчи босқичида, яъни 1990-йилларда шаклланган. Мамлакатда аҳолини иш билан таъминлаш, инсонни ишли бўлиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш кафолатлари „Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида“ги қонунида (1992-йил 13-январ; 1998-йил 1-майда янги таҳрирда қабул қилинган) белгилаб берилган. Ўзбекистонда бандлик муаммолари катта эътиборни талаб этади, чунки республикада мураккаб демографик вазият мавжуд, аҳолининг табиий ўсиш суръатлари юқори, аҳоли таркибида ёшлар кўпчиликни ташкил этади, аҳолининг кўп қисми қишлоқларда яшайди. 1998-йил Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 33,9 % давлат сектори корхона ва ташкилотларида, 66,1 % эса нодавлат сектори обектларида, жумладан хусусий хўжаликларда (2,7 %) иш билан банд эди[1] Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида мулкчиликнинг турли шакллари пайдо бўлиши туфайли нодавлат секторида ишловчилар сони ортиб борди. Уларнинг бандлиги 1994 — 96 йилларда 12 % га ортди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан банд бўлмаган қисми ишсизларни ташкил этади.
Иқтисодий изланиш марказига кўра, ҳозирги кунга келиб Ўзбекистоннинг иш сиёсати модели ўз самарасини йўқотиб бормоқда ва мамлакатнинг меҳнат бозорида мураккаб вазият пайдо бўлган.[2]. Биринчидан, яратилган иш ўринлари сони етарли эмас, яратилган иш ўринларининг аксари бўлса барқарор эмас. 1991-2011-йилларда аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисми улуши 50% дан 61,1% га ўсди. Шу вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатлиларнинг иш билан банд қисми улуши 81,6% дан 66,9% га камайди. Бундан ташқари, иш ўринларнинг беқарорлиги ўсиб бормоқда: яратилган янги иш ўринларининг 30 % йўқотилмоқда. Урбанизация жараёнининг тезлашаётгани сабаб шаҳар меҳнат бозорларида кескинлик ўсиб бормоқда.
Иккинчиддан, нокорпоратив соҳанинг (индивидуал меҳнат фаолияти, уйдаги меҳнат ва юридик шахс статусига эга бўлган корхоналардан ташқаридаги турли фаолиятлар) кенг кўламда тарқалгани ноустувор ўсиш хавфини оширмоқда[2]. Бунга сабаб нокорпоратив соҳа давлат бюджетига тушадиган солиқларни камайтирмоқда, пул ва валюта алмашинишидаги дисбаланслар чуқурлашмоқда ҳамда меҳнат алоқалари расмийлаштирилмагани учун меҳнат кучи сифати пасаймоқда.
Учинчидан, мамлакат меҳнат сиёсати меҳнат самарадорлигини суст рағбатлантирмоқда ҳамда меҳнат ресурсларини янги ўсиш нуқталари бўла оладиган тармоқларга самарасиз йўналтирмоқда[2]. Илм ва юқори технологияли тармоқларда (маълумот хизмати, машинасозлик, микробиология) ишлаётганлар иш билан банд аҳолининг атиги 1,5% ини ташлик қилади. Ҳозирги бандлик стурктураси ва инвестиция сиёсати шароитида Ўзбекистонда меҳнат самарадорлигини икки марта ошириш учун тахминан 15 йил керак бўлади. Бу эса ишлаб чиқариш ривожланган мамлакатлар билан Ўзбекистон орасидаги фарқни камайтиришни янада мушкуллаштиради.
Аҳоли бандлигини ошириш бўйича асосий тадбирлар иш билан банд бўлган аҳолининг таркибий жиҳатдан қайта тақсимлаш ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшларни янги илғор тармоқдар ва соҳаларга жалб қилиш бўлиб, бу эса ўз навбатида меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг муҳим захираси ҳисобланади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида барча ижтимоий ишлаб чиқариш ходимларининг учдан бир қисмидан кўпроғи банд[1]. Уларнинг маълум қисмини бўшатиб олиш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига, энг аввало, саноатга ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш, ноқишлоқ хўжалиги иш жойларини яратиш, меҳнатни ташкил этишнинг илғор услубларини қўллаш, ўсмирларни, кўп болалик аёлларни, пенсионерларни ва ногиронларни иқтисодий рағбатлантирувчи иш билан таъминлаш, ишсизликни камайтириш, меҳнат биржалари фаолиятини яхшилаш каби тадбирлар аҳолининг иш билан бандлигини оширишга олиб келади.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 Раҳимова, Дилфуза (2000-2005). "Бандлик". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 „Ўзбекистонда бандлик: мушкулликлар ва перспективалар“ (русча). Иқтисодий изланиш маркази (2013-йил 1-май). 2013-йил 3-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 4-декабр, 2014. (Wайбаcк Мачине сайтида 2013-09-03 санасида архивланган)
Ҳаволалар
- Меҳнат статистикаси ва меҳнат статистикаси тушунчалари ҳақида қисқача маълумот, Халқаро меҳнат ташкилоти, (ингл.)
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |