Бар-мицва - (ибр. «буюрилган амрлар ўғли»), бат-мисва (ибр. «буюрилган амрлар қизи») - яҳудийликда бола балоғат ёши (ўғил болалар 13 ёшу 1 кун; қиз болалар 12 ёшу 1 кун)га етгани муносабати билан ўтказиладиган маросим. Яҳудийлик қоидаларига кўра, бола балоғат ёшига етгач, ўз хатти-ҳаракатларига жавобгар бўлади. Балоғат ёшига етган бола яҳудийликда буюрилган диний, этик мажбуриятларнинг барчасини ўз зиммасига олади ва яҳудий жамоаси ҳаётининг барча жабҳаларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бар мисвани нишонлаш амалиёти тарихи ТаНаХ, Мишна ва Талмуд даврида бўлмаган. Чиқиш ва Сонлар китобида армияда хизмат қилиш ёши 20 ёш деб белгиланган. 13 ёш эса Мишнада киши Таврот қонунларига амал қилиши керак бўлган ёш сифатида қайд этилади: “Беш ёшдан Ёзма Тавротни, ўн ёшдан Мишнани ўрганади ҳамда 13 ёшдан бошлаб барча амрларга бўй сўнади”. Бар-Мисва атамаси илк бор Талмудда (В аср) Тарот қонунлари жорий қилинган кишига нисбатан қўлланган. Талмудда айтилишича, бола 13 ёшу 1 кунлик бўлгач, боланинг қасамёди юридик кучга эга бўлади ва бу нарса уни “эр киши” сифатида бўлганига далолат қилади. Бар-Мисва ёшига етган бола ба’зи ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Жумладан, ўз ҳаракатларига жавобгарлик, минянда иштирок этиш ва Тавротни ўқишга таклиф этилиш, мулкка эга бўлиш, уйланиш, Тавротда келган 613 та буйруқ ва та’қиқларга амал қилиш. Яҳудий диний жамоалари орасида киши 83 ёшга тўлгач, иккинчи бар-мисвани нишонлаш урфи мавжуд. Бунинг моҳияти одатий ҳаёт давомийлиги 70 ёшни ташкил этади. Шу сабабли, киши 83 ёшда 13 ёш сифатида э’тироф этилади. Сўнгги йилларда бу амалиёт кенг ёйилаётганини кўриш мумкин. Бар-Мисвани нишонлаётган болага ҳадялар бериш одати мавжуд[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 74.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.