Барда (рус.) — қанд ва спирт заводлари чиқиндиси, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига озуқа сифатида едирилади. Б.нинг озуқалик қиймати шарбат ва спирт олинадиган маҳсулотнинг турига боғлиқ. Масалан, лавлаги, картошка, жавдар, маккажўхори ва арпа Б.сининг таркибида 88,2-95,3% сув, 1,2 - 2,7% оқсил, 0,4— 1% ёғ, 1,8 — 6,5% азоциз экстрактив моддалар, 0,6 — 1,1% клечатка, 0,4 — 1,7% минерал (кул) моддалар, шунингдек микроэлементлар бор, 100 кг янги Б. 3,2 — 12,2 озуқа бирлигига тенг. Б.нинг тўйимлиги ва кимёвий таркиби унинг қайси хом ашёдан олинганига боғлиқ. Мас, дон Б.си картошка Б.сига қараганда 2-марта тўйимли. Б. жуда тез ачиб, моғорлайди, молларга янгиси, қуритилган, шунингдек силослангани берилади. Асосан қорамолларни семиртиришда кўпроқ ишлатилади. Б. сомон ва пичанга қўшиб берилганда, у анча хушхўр бўлади. Б.ни узоқ муддат сақлаш учун силосланади ёки қуритилади. Силослашда Б. махсус чуқурга тўкилади, тиндирилиб қуюлтирилади. Сўнг Б. устида ҳосил бўлган сув олиб ташланиб, ўрнига янги Б. қуйилади, мазкур ҳолат чуқур тўлгунча такрорланади. Сўнг ҳаво кирмаслиги учун усти яхшилаб беркитилади. Б. сомон, похолга қўшиб ҳам силосланади. Силосланган Б. таркибидаги қуруқ модда 18 — 22% гача боради. Қуритилган Б.нинг озуқалик қиймати суюғига қараганда 10 — 15 баравар кўп, қорамолларга 2,5 – 3 кг гача берилади, бундай Б. ташиш ва сақлашга ҳам қулай. Ўзбекистондаги спирт ва қанд саноати корхоналари атроф туманлардаги чорвачилик фермаларига кўплаб Б. етказиб беради.Эрмуҳаммад Тошпўлатов.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил