Barg

Барг (лотинча фолиум, юн. пҳйллон) — юксак ўсимликларнинг асосий вегетатив органларидан бири, фотосинтез, транспирация ва газ алмашинуви вазифасини бажаради. Баъзи ўсимликлар барглари эволюция давомида яшаш шароити таъсирида шакли ўзгариб, озиқ ёки сув ғамлаш, ҳимоя қилиш, илашиш каби қўшимча функсияларни бажаришга мослашган. Баргнинг катталиги турлича, одатда 3-10 см, айрим ўсимликлар (палма, банан) барги 20 м га етади. Баргнинг пластинкасимон кенгайган қисми япроқ дейилади, новдага ёпишиш учун хизмат қиладиган ингичка қисми барг банди дейилади.
Баргнинг тузилишига кўра турлари
Барг бандининг мавжуд ва мавжуд эмаслигига кўра бандли ва бандсиз баргларга ажралади. Бир қанча ўсимликлар (буғдойдошлар, зирадошлар) Барг банди кенгайиб, новдани ўраб турадиган қинни ҳосил қилади. Баъзи ўсимликлар (ялпиздошлар) барги бандсиз барг дейилади. Уларнинг япроғи тўғридан-тўғри новдага бирлашади. Бундай барг ўтроқ барг ҳам дейилади. Баргнинг фотосинтез қиладиган сатҳи япроқнинг шакли ва катталигига боғлиқ. Япроқнинг ясси бўлиши баргнинг фотосинтез қиладиган юзаси сатҳини оширади. Бандли барг банди тузилишига кўра оддий ва мураккаб бўлади. Оддий барг бандида битта барг жойлашади. Буларга олма, нок, ўрик, шафтоли, тут, узум, ғўза, терак, ровоч, янтоқ кабиларнинг барги киради. Мураккаб барг бандида бир неча баргчалар бандчалари орқали бириккан бўлади. Мураккаб баргли ўсимликларга ширинмия, беда, сохта каштан, ёнғоқ, наъматак, қулупнай, ловия, нўхат, ерёнғоқ кабилар киради. Мураккаб барглар уч баргчали панжасимон,тоқ ва жуфт пацимон баргларга бўлинади. Учта баргчали мураккаб барглар: себарга, беда, ловия, мош, панжасимон баргчалига эса сохта каштан барглари мисол бўлади. Баргчалар умумий барг бандининг охиригача қарама-қарши жойлашган бўлса, бундай барглар жуфт пацимон барг дейилади.(ерёнғоқда). Агар умумий барг бандининг учи битта барг билан тугаса, бундай барглар тоқ пацимон барг дейилади.(ширинмияда) Баъзан тоқ баргчалар ўрнида гажаклар ҳосил бўлади (нўхат ва бурчоқда). Мураккаб барглар, ўз навбатида яна бўлакларга бўлиниб, икки ёки уч карра бўлинган пацимон барглар ҳосил қилади. Масалан: тотим, шойи акация ва бошқаларда. Оддий барг япроғининг шаклига кўра юмалоқ, тухумсимон, наштарсимон, тўғри чизиқли, нинасимон, юраксимон, доирасимон ва бошқа; қиррасининг тузилишига кўра текис қиррали, тишли, кунгурали кўринишларда бўлади. Барг япроғини микроскоп билан кузатганда унинг пўстлоғи остида усти ва остида ҳам барг оғизчалари борлиги аниқланган. Баргнинг 1м² юзасида оғизчалар сони 40 дан 500 гача, баъзан ундан ҳам кўпроқ бўлади. Оғизчалар айниқса сернам жойларда ўсадиган ўсимликлар баргида бўлиб, кутикула, ёғсимон моддалар ёки туклар билан қопланган. Барг пластинкаси энига кўра юпқа, этли бўлади. Барг сатҳидаги кутикула, туклар барг орқали сувнинг кўп буғланишига имкон бермайди. Эпидермис остида барг эти (мезофилл) ҳужайралари жойлашган. Барг эти кўпчилик ўсимликларда устки эпидермис остида жойлашган 1-2 қатор ҳужайралардан иборат устунсимон тўқима ва унинг остидаги ғовак тўқимадан ташкил топган. Барг эти ҳужайралари айниқса устунсимон тўқимадан иборат. Барг таркибида яшил ранг берувчи хлоропластлар жуда кўп. Хлоропластлар иштирокида ҳужайраларда фотосинтез содир бўлади. Барг этида сув алмашинувини таъминлаш учун томир ва найчлар жойлашган. Улар ҳар хил шаклда бўлиб, Икки паллали ўсимликлар барги тўрсимон ёки пацимон, бир паллалилар эса параллел ёки ёйсимон томирланган. Томирлар луб ва ёғочлик толаларидан ҳамда ўтказувчи ва тўрсимон найлардан иборат. Томирлар барг япроғи учун таянч вазифасини ўтайди. Ўтказувчи найлар орқали сув ва минерал озиқ моддалар илдиздан барг мезофили ҳужайраларига тўхтовсиз келиб туради. Барг ҳужайраларида синтезланган маҳсулотлар томирлардаги тўрсимон найчалар орқали ўсимликнинг бошқа қисмлари, яъни поя, илдиз, гул, меваларга етказиб берилади. Барг юзасининг кенг бўлиши унинг карбонат ангидридни фаол қабул қилиши, кўп миқдорда сув буғлатиши ва кислород ишлаб чиқаришига сабаб бўлади. Майдондаги яшил ўсимликлар бир кеча-кундузда 150-500 кг карбонат ангидридни ўзлаштириб, 60-400 кг кислород ажратади ва 100 т гача сув буғлатади. Бу жараёнда барг 75-250 кг гача органик модда ҳосил қилади.
Баргдаги жараёнлар давомийлиги
Баргнинг яшаш муддати ҳам турлича бўлиб, айрим ўсимликлар барги бир неча ҳафта, бошқалари бир неча йилгача яшайди. Мисол учун, лавр барги 3-4 йил, Европа арчаси барги 8-10 йил, Шренка арчаси барги 30 йил яшайди. Баргнинг ҳаёти фотосинтез ва метаболитик жараёнларнинг изчиллиги билан боғлиқ. Бу жараёнлар секин кечадиган нинабарглиларнинг барги нисбатан узоқ яшайди. Барг чекланган ўсиш хусусиятига эга бўлиши билан бошқа ўсимлик органларидан фарқ қилади. Япроқнинг ўсиши чекланганлиги бўлиши аниқланган лекин барг банднинг ўсиши тўхтовсиз давом этавериши туфайли барг япроғи ёруғликка ўгирилиш хусусиятига эга бўлади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |