Бармакийлар — машҳур вазирлар хонадони; балхлик табиб ва коҳин Бармак авлодлари бўлиб, улардан айримлари ўз қобилият ва билими туфайли аббосийлар саройида юқори лавозимларга эришган. Чунончи, Бармакнинг тўнғич ўғли Холид биринчи аббосий халифа Абул Аббос Абдуллоҳ ҳукмронлиги даври (750 — 754) да вазири аъзам, иккинчи халифа Абу Жаъфар Мансур даври (754 — 775) да эса молия вазири, сўнг Мосул ҳокими бўлган, айни вақтда Бағдод шаҳри қурилишига бошчилик қилган. Унинг ўғли Яҳё ўша даврда Озарбайжон ва Арманистонда халифа Абу Жаъфар Мансурнинг ноиби эди. Халифа Махдий даври (775 — 785) да эса у девон бошлиғи ва Ҳорун ар-Рашиднинг мураббийси бўлган. Ҳорун ар-Рашид халифа бўлгач (786), уни вазир этиб тайинлаган. Лекин, Яҳё тез орада давлат ишларидан воз кечиб, унинг ўрнини навбатма-навбат ўғиллари Фазл ва Жаъфар эғаллаган. Улар айни вақтда Ҳорун ар-Рашид фарзандларининг мураббийси ҳамда Миср ва Хуросонда аббосийлар ноиби бўлганлар. Яҳёнинг қолган ўғиллари ҳам бой-бадавлат яшаб, юқори давлат лавозимларида ишлаганлар. Б.дан халифага энг суюклиги — Жаъфар эди. Ҳорун ар-Рашид уни кун бўйи, ҳатго иложи бўлса, кечалари ҳам ўз суҳбатидан кетказгиси келмас эди. Аммо, Жаъфар Ҳорун ар-Рашиднинг ишончу ҳурматини суиистеъмол қилиб, унинг синглисини яширинча ўз никоҳига олгач, қатл этилган ва шу воқеа сабабли Б. тамомила қириб ташланган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил