Барометр (юнонча барос — оғирлик) — атмосфера босимини ўлчашда ишлатиладиган асбоб ҳисобланади. Унинг турли хиллари мавжуд:1) симобли барометр — гидростатик қонунларига асосланиб ясалган; 2) металл барометр (анероид); қаттиқ жисмнинг эластиклигига асосланиб ясалган;3) гипсотермометр (термобарометр) — суюқлик қайнаш температурасининг ташқи атм босимига боғлиқлигига асосланиб ясалган;4) газ барометр — газларнинг эластиклик хоссасига асосланиб ясалган;5) нормал барометр — метеорологик стансия тармоқларидаги барометрлар учун эталон вазифасини бажаради. Метеорологик стансия тармоқчаларда энг кўп тарқалган симобли барометрлар, узунлиги 1 метрга яқин келадиган бир учи берк шиша найдан иборат. Найга симоб тўлдирилиб, симобли металл косага тўнтарилса, шиша найдаги симоб устуни ташқи атмосфера босими билан мувозанатлашгунча найдаги симобнинг маълум қисми металл косага тўкилади. Шиша найдаги симоб устида бўшлиқ (Торричелли бўшлиғи) ҳосил бўлади. Симобли барометрлар баъзан металл косасиз, фақат шиша найдан ясалади. Бундай барометрлар узун ва қисқа тирсакдан иборат бўлиб, сифонли барометр дейилади. Узун тирсагининг учи берк, қисқа тирсагининг учи очиқ ва кенгроқ бўлади. Атмосфера босими камайганда кенгроқ жойга симоб оқиб тушади. Сифонли барометрларда атмосфера босим очиқ ва берк найлардаги симоб устунлари фарқига қараб топилади. Атмосфера босими ўзгаришларини узлуксиз қайд қилиб борадиган асбоб барограф дейилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил