Baroterapiya
Баротерапия (баро… ва терапия) – даволаш мақсадида юқори ёки паст (одатдагига нисбатан) ҳаво босимидан фойдаланиш. Умумий баротерапия барокамерада ўтказилиб, унга бир ёки бир неча бемор жойлаштирилади ва унда кислород, ҳаво ёки бошқа кислороди бор газли аралашманинг оширилган ёки пасайтирилган босими вужудга келтирилади. Нафас етишмовчилиги, юрак-томир касалликлари, гангрена, шок, кўп қон йўқотиш, шунингдек мияга қон қуйилиши ёки унинг томирларида ҳаво пуфакчаларининг туриб қолиши, ис газидан заҳарланиш ва бошқа ҳолатларда Б.дан фойдаланилади. Ҳаво босими оширилган умумий баротерапия гаввосларда кессон касаллигини даволашда қўлланади. Ҳаво босими пасайтирилган баротерапия кўкйўтал, бронхиал астма ва ташқи нафаснинг қийинлашуви билан кечадиган касалликларда қўлланади. Гипертония, юракнинг ишемик касаллиги ва ҳазм йўлларидаги айрим касалликларнинг бошланғич шаклларини даволашда биатрондаги умумий баротерапия қўлланади. Тўқималарнинг кислородга тўйинишини ошириш инфексия қўзғатувчисига ҳалокатли таъсир кўрсатади, чунки у кислородсиз шароитда яхши кўпаяди. Бундай давони қўллаш анаэроб инфекииядан ўлишни анча камайтиради ва кўпинча зарарланган соҳани сақлаб қолиш имконини беради. ЎзРдаги кўпгина даволаш муассасаларида баротерапия кенг қўлланади, бунинг учун улар махсус барокамералар билан жиҳозланган. Даво мақсадида баротерапиядан фойдаланиш мумкинлигини врач белгилайди. Асосан даволаш муассасаларида етарли тайёргарликдан ўтган мутахассис врачларгина баротерапия билан шуғулланади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |