Barotravma
Баротравма (баро... ва травма) — ҳаво босимининг кескин ўзгариши натижасида ўзида ҳаво сақлайдиган аъзолар (ноғора парда, ўрта қулоқ, буруннинг ёндош бўшлиғи, ўпка)нинг шикастланиши. Тўсатдан бурун ва қалқумдан қон келиши бунга мисол бўла олади. Атмосфера босими аста-секин ошиб борса, қулоқ пардасига ҳеч қандай таъсир этмайди, чунки бундай ҳолларда босим қулоқ пардасининг иккала томонида (ташқи эшитув йўли билан ўрта қулоқ бўшлиғи) Евстахий найи орқали баравар тақсимланади. Босим кескин ўзгарганда, мас, самолёт тез кўтарилганида ёки тушганида, босимни бараварлаш учун ютиш ҳаракатини бажариш тавсия этилади (бунинг учун самолётда йўловчиларга конфет берилади). Эшитув аъзоси босимни бараварлашга улгура олмаса, қулоқ пардаси таранглашиб, эшитув суякчалари орқали босим ички қулоққа таъсир этади. Баротравмада дастлаб қулоқ оғрийди, кейин одам яхши эшитмайди, қулоғи шанғиллайди, баъзан боши айланади. Босим анча ўзгарганда қулоқ пардаси ёрилиши мумкин. Баротравма учувчилар, парашютчилар, ғаввослар ва бошқаларда учрайди. Баротравманинг олдини олиш учун одамлар барокамсрада машқ қилдирилади: шовқинни камайтирадиган мосламалардан фойдаланилади (қулоқ беркитилади ёки ичига пахта тиқилади); босим ўзгаришини кўтара олмайдиган кишилар учувчилик, сув остида сузиш ва ишлашдан озод қилинади. Давоси: бемор тинч қўйилади, тинчлантирувчи дорилар ва физиотерапия буюрилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |