Барер функсия - одам ва ҳайвонлар организмининг ўз ички муҳитини (қон, лимфа ва тўқима суюклигини) ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиши, шу муҳитни (таркиби, кимёвий, физик ҳамда биологик хоссаларини) нисбатан бир меъёрда сақлай олиши (қаранг Гомеостаз). Организм бу функсияни барерлар деб аталадиган махсус физиологик механизмлар ёрдамида амалга оширади. Улар шартли равишда ташқи (тери, шиллиқ пардалар, нафас, айириш ва овқат ҳазм қилиш аппаратлари) ҳамда ички — гистогематик ва гематоэнсефалик барерларга бўлинади. Гистогематик барерлар аъзо ва тўқималарда қон билан тўқима оралиғида жойлашган. Шу барерлар орасида жигар барери айниқса муҳим. Ичакда ҳосил бўлиб, ундан қонга ўтадиган баъзи заҳарли моддаларни жигар барери зарарсизлантириб туради. Барер функсия ҳам бошқа мослашув механизмлари сингари эволюция жараёнида такомиллашган. Аъзо ва тўқималарнинг бактерияларга, токсинларга, моддалар алмашинувининг бузилиши натижасида ҳосил бўлган маҳсулотларга, ёт моддалар ва доридармонларга сезгирлиги Барер функсия га боғлиқ. Барер функсия дан гематоэнсефалик барер (қон билан мия оралиғидаги), гематоофталмик барер (қон билан кўз тўқималари оралиғидаги), плацентар барер (она организми билан ҳомила оралиғидаги) ва бошқа батафсил ўрганилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил