Бастакор (форсча: „баста“ боғлаш, боғлов; „кор“ машғулот, иш) – монодия услубида асар(қўшиқ, ашула, чолғу куй)лар яратувчи ижодкор[1]; анъанавий мумтоз мусиқа асарлари ижодчиси[2].

Мусулмон Шарқида мусанниф, муллаҳҳин, оҳангсоз каби атамалар билан танилган. (манба келтириш керак) Одатда бундай санъаткорлар ўз фаолиятида ижрочи (хонанда, кўпроқ созанда)лик ва ижодчиликни узвий боғлашган. Абу Наср Форобийдан бошлаб Дарвишали Чангий ва бошқаларнинг мусиқий рисолалари, Абулфараж Исфаҳоний („Китоб ул-ағони“), Арузий Самарқандий („Чоҳор мақола“), Алишер Навоий („Мажолис ун-нафоис“, „Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад“), Давлацҳоҳ Самарқандий („Тазкират уш-шуаро“), Зайниддин Восифий („Бадоеъ ул-вақоеъ“), Бобур („Бобурнома“) ва бошқаларнинг асарларида ўнлаб бастакорлар ҳақида тарихий таърифий маълумотлар мавжуд. Улар, гарчанд бастакор атамасидан бевосита фойдаланишмасада, унинг асл маъносини очиб беришган.

Оғзаки анъанадаги мусиқий ижод соҳиблари турли давр ва мамлакатлар мусиқа илми ва амалиётида турлича номланиб келинган. Ўзбеклар ва тожиклар бастакор (шунингдек, оҳангдон, навосоз ва бошқалар), озарбайжонлар, арманлар ва турклар – ошиқ, қозоқлар ва қирғизлар – оқин, кюйши, салсере каби атамалар ишлатишади.

Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Фахриддин Содиқов, Набижон Ҳасанов, Имомжон Икромов, Комилжон Жабборов, Саиджон Калонов, Ф. Тошматов, Муҳаммаджон Мирзаев, Орифхон Ҳотамов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Абдуҳошим Исмоилов каби басткорлар танилган. Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонда кўп овозли мусиқа асарлари муаллифи – композитор ҳам баъзан бастакор деб юритилади. (манба келтириш керак)

Яна қаранг

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манбалар

  1. ↑ Акбар Илёсов. Мусиқа луғати. Тошкент: "Ўқитувчи" нашриёти, 1997 — 384 бет-бет. ИСБН ИСБН 5-645-04422-2. 
  2. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи — 964-бет. ИСБН 978-9943-8834-4-4.