Бахциз Жамол (қозоқча: Бақытсыз Жамал) — Миржақип Дулатулининг 1910-йили нашр этилган, қозоқ адабиётида бадиий проза услубда ёзилган илк романи[1].

Миржақип ушбу асари орқали ундан кейин ёзилган Тойир Жўмартбоевнинг „Қиз кўрелик“, Спандияр Кўбоевнинг „Қалин мал“, С.Тўрайғоровнинг „Қамар сўлу“ ва бошқа романларига йўл очди.

Тавсифи

Асардаги воқеаларнинг барчаси ўша даврдаги ниҳоятда муҳим ижтимоий масалага бағишланган. Қозоқ қишлоғи турмуши ҳақида ёзилди. Аёлларнинг шахс эркинлиги, жамиятдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.

„Бахциз Жамол“ романидаги воқеага асос бўлган масала ҳам шу — эски урф-одатлар асирига айланган қозоқ қизининг тақдири, севгилисига турмушга чиқиб, бахтиёр ҳаёт кечиришни орзу қилган қизнинг фожеавий йўли ҳақида.

Сюжети

Асар ўша даврдаги қозоқ даштининг ҳақиқий ҳаёт нафасини кўрсатадиган эпизод билан бошланади.

…Янги кўчиб келган яйлов қишлоғи. Саумалкўл атрофида бирин-кетин тикилган ўтовлар. Бия боғлаб, қимиз чайқаётган осойишта қишлоқ аҳли. Қиш бўйи учраша олмасдан соғинган эл энди бир-бирини меҳмонга чорлаб, қувончга тўлиб юрибди. Уйдан уйга юриб қимиз ичаётган ёшлар…

Шундай осойишта қишлоққа подшо амалдорлари келаётгани ҳақида хабар тарқалади. Шовқин-сурон бошланади. Қишлоқ ташқарисига ўтов тикилади. Махсус уйга келиб тушган икки амалдорни „лаббо, тақсир“ деб кутиб олган авулнайнинг сўзларида ҳам ўзгача бир фахр туйғуси сезилади.

Миржақип Дулатули шу кичик манзарани тасвирлаш орқали ўз замонининг турмуш шароитини, одамларнинг руҳиятини аниқ ва равшан беради. Қишлоқ аҳлининг ўзаро суҳбатларидан, авулнай бошчилигидаги фаолларнинг иш-ҳаракатлари, хулқ-атворидан ёзувчи кўп сирларни очиб беради.

…Худди шундай шовқин-сурон пайтида қишлоқ қозоқи Сарсенбайнинг хотини туққани, дунёга қиз бола келгани ҳақида қувончли хабар етиб келади.

Дунёга келган бу чақалоқ романнинг бош қаҳрамони Жамол эди. Табиатан зийрак бўлиб яралган Жамол мулланинг олдида эски усулда ҳам, янги усулда ҳам савод чиқаради. Турли қисса-достонларни кўп ўқийди. Айримларини ёддан ҳам айтадиган бўлади. Шу тариқа эл назарига тушиб, қиз сўрашни истовчиларнинг эътиборига тушади.

Жамол ўн беш ёшга киради. Гўзаллик, ақл, салобат учаласи бир-бирига мувофиқ келиб, Жамол ўша элдаги қизларнинг энг яхшиларидан бири бўлади. Бу айтилган фазилатларига қўшимча равишда у сўзга жуда устомон бўлиб, ўз фикридан фойдаланиб шеър ҳам ёзадиган бўлади. У ёғи–бу ёғига ҳазиломуз гапирган йигитни гапиртирмай қўяди. Эл ичидаги тилга чечан йигитларни енгиб, ҳатто бошқа юртларга ҳам „Сарсенбайда жуда чиройли бир шоира қиз бор“ деган гап ёйила бошлайди.

Гўзаллиги ақл-идроки билан уйғун равишда улғайган қиз Жамолни Бойжон деган бойнинг ўғли Жуман сўрайди. Қизининг онаси қаршилигига қарамай, Сарсенбай бўлажак қудасининг бойлигига кўз тикиб, қудаликга рози бўлади. Аммо бойнинг ўғли тентак, сусткаш бўлади. Жамол уни ёқтирмайди. Шу пайтларда бир тўйда ўқиган, маданиятли, замонавий кийинган, хушмуомала, одобли Ғали деган йигит билан танишиб, кўнгиллари бир-бирига мос тушади. Орадан бир мунча вақт ўтиб, қизни Жуманга узатиш палласи келганда, Жамол Ғали билан қўл ушлашиб қочиб кетади. Ёшлар кетидан қувлаш бошланади. Орадан кўп ўтмай, кутилмаганда Ғали оғир бетоб бўлиб вафот этади. Ғам-ғуссага ботган Жамол ҳам кўп ўтмай Жуманга эрга тегади. Кўрмаган зорлик, хўрликларини кўради. Охир-оқибат бир бўронли кунда Ғалининг қабри бошига бориб, йиғлаб ётган жойида жон беради[2].

Моҳияти

Романда воқеалар ривожи — тасвирланган қишлоқ ҳаёти, турли ижтимоий қатламлар вакиллари ўртасидаги муносабатлар ва алоҳида шахслар дунёқарашидаги қарама-қаршиликлар гирдобига тушиб қолган Жамол ва Ғалининг мусаффо муҳаббати, ўз эркинликларига эришиш йўлидаги интилиши шу йўсинда давом этади. Охир-оқибат асар фожеа билан якунланади.

Миржақип Дулатули бу воқеани тасодифан содир бўлган бир-икки ҳолат сифатида кўрмайди. Ошиқ-маъшуқларнинг фожеасини у қозоқ даштидаги ижтимоий муаммо даражасига кўтаради. Шу орқали қозоқ қизларининг шахсий эрки, ёшларнинг ўз ихтиёри билан ҳаёт кечириши зарурлиги ҳақида фикрни илгари суради.

Ёзувчи учун аёлнинг эркинлиги, ўз севиклиси билан турмуш қуриб, ҳаёт кечириш имконига эга бўлиши энг муҳим масалалардан бири бўлган. У аёл номусини поймол қиладиган эски урф-одатларга кескин қарши чиқади.

Миржақип Дулатулийнинг романдаги Жамол образини яратишдаги янгилиги ҳам ўзининг мана шу ғоясига таянади.

Асар қаҳрамонлари

Романдаги Ғали — ўша даврнинг ўқимишли, маданиятли ёшларининг умумлашма образи. Ташқи қиёфасига ақли ҳам мос келган йигит Ғалининг ҳар бир иш-ҳаракати, сўзлаган гаплари, ёзган мактубларидан бу фазилат аниқ сезилиб туради.

Асардаги Бойжон бой, унинг ўғли Жуман, шунингдек Жамолнинг отаси Сарсенбай, катта онаси Қалампир — эски руҳият эгалари. Улар учун инсонийликдан кўра бойлик, мансаб билан мақтаниш қадрлироқ.

Умуман олганда, „Бахциз Жамол“ романи ўша даврдаги тарихий-ижтимоий ҳақиқатни самимий ва бадиий тасвирлагани, муаллиф ғоясининг равшанлиги билан кейинги қозоқ прозасининг ривожига анъанавий йўл кўрсатди ва кейинги давр ёзувчиларига ўрнак бўлди.

Манбалар

  1. ↑ „Қысқаша мазмұн: Бақытсыз Жамал романы“ (14-март 2019-йил). Қаралди: 25-апрел 2025-йил.
  2. ↑ Миржақип Дулатули. Бахциз Жамол, 1910-йил. 

Ҳаволалар