Байрамийлар - суфийлик тариқати. Тариқат асосчиси Хожи Байрам Валий (ваф. 1429 й.). Байрамия тариқатини жазба, муҳаббат ва илоҳий сирлар каби уч асос ташкил этади.

Байрамийлар тариқатининг ўзига хос жиҳатларидан бири, ушбу тариқат турклар Анатолия ҳудудида асос солган илк тариқат эканлигидир. Шу сабаб тариқат Ҳожи Байрам ҳаётлик вақтида Анқара, Бурса ва Эдирна каби шаҳарларда кейинчалик Анатолия ва Болқон ҳудудларида кенг тарқалган.

Тариқат халватия ва нақшбандия тариқатларининг тамойилларини ўзида мужассам этган. Байрамия тариқатида зикри-жаҳрий кенг тарқалган. Бироқ ба’зи пайтларда зикри-хафийдан ҳам фойдаланадилар. Ҳожи Байрам вафотидан сўнг ушбу тариқатнинг давом этишида улуғ шайхлардан бири Оқ Шамсиддиннинг асарлари муҳим ўрин тутган. Зеро, Ҳожи Байрам ёзган кичик ше’рлардан бошқа ҳеч қандай манба бизгача етиб келмаган. Тариқат уч шу’бадан ташкил топган: Оқ Шамсиддин томонидан асос солган - шамсия, маламия ва жалватия.

Кейинчалик байрамийлар тариқати шамсия ва унинг йўналишларидан бири ҳимматия кўринишида давом этган. Жалватия байрамия тариқатининг бир йўналиши бўлсада, бироқ кейинчалик алоҳида тариқат сифатида шакилланган. Аввалига ушбу тариқатга эргашувчиларнинг бош кийимлари қизил ва ўн икки чизиқдан иборат бўлган бўлса, кейинчалик бу ан’ана Ҳожи Байрам томонидан олти чизиқли оқ ранг бош кийимига ўзгартирилган. Бош кийимдаги олти чизиқ олти йўналиш юқори, қуйи, ўнг, чап, олд ва ортни англатган. Шунингдек, мавлавий тариқатидаги каби узун бош кийим ҳам калта бош кийимига ўзгартирилган[1].

Манбалар

  1. ↑ Усмонов, Олимов, Ё'лдашхо'джаев, Фахриддинов, То'йчиева, Жабборов, Чо'тмаматов, Раҳимов, Комилжонова, Каримова, Нурмуҳаммедов, Эркабоева, Жураев 2015, с. 33.

Адабиётлар

  • Усмонов И, Олимов С, Ё'лдашхо'джаев Ҳ, Фахриддинов З, То'йчиева Н, Жабборов Н, Чо'тматов Ж, Раҳимов К, Комилжонова З, Каримова С, Нурмуҳаммедов Д, Эркабоева Ф, Жураев О Турдиева Д.. Тасаввуф атамалари. Мовароуннаҳр нашриёти, 2015 — 360-бет. ИСБН 978-9943-12-346-5.