Belgorod viloyati
Белгород вилояти – Россия Федерацияси таркибидаги вилоят. 1954-йил 6-январда тузилган. Белгород вилоятида 21 маъмурий туман, 9 шаҳар ва 22 шаҳарча бор. Майдони 27,1 минг км². Маркази – Белгород шаҳри Белгород вилояти Ўрта Россия қирларининг жануби-ғарбий қисмида. Ер юзаси нисбатан баланд текислик, жар ва сойлик кўп. Йирик темир руда конлари (Курск магнит аномалияси), бўр, турли хил гиллар бор. Иқлими мўтадил континентал. Январнинг ўртача температураси ғарбида – 8,1°, шарқида – 8°,– 7°, июлники ғарбида 19,6° ва шарқида 21°, йилига 420 – 590 мм ёғин тушади. Дарёлари: Северский Донес, Оскол, Тихая Сосна, Ворскла. Бир неча сув омборлари қурилган, кўпроқ қоратупроқ, дарё водийларида аллювиал тупроқ учрайди. Белгород вилояти ўрмондашт зонасига киради, жанубий қисми дашт зонасида. Лос, елик, қобон, бури, тулки, бўрсиқ, қуён, юмронқозиқ яшайди.
Аҳолиси 1450 минг киши (1999), шундан шаҳар аҳолиси 936 минг, қишлоқ аҳолиси 514 минг. Асосий аҳолиси – руслар; украин ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Йирик шаҳарлари: Белгород, Старий Оскол, Губкин, Алексеэвка, Валуйки ва бошқа
Белгород вилоятида қурилиш материаллари, машинасозлик ва озиқ-овқат саноати кўпроқ тараққий этган. Машинасозлик саноати корхоналари: Белгород (йирик буғ қозони заводи), Старий Оскол (механика заводи), Шебекино (машинасозлик заводи), Волоконовкада (қишлоқ хўжалиги машиналари тузатиш заводи). Қурилиш материаллари корхоналари кўпроқ Белгородда. Курск магнит аномалиясидаги темир конлари асосида кончилик саноати ривожланган. Озиқ-овқат саноатида шакарқанд, турли консервалар ишлаб чиқарилади. Асосан арпа ва буғдой, шунингдек қора буғдой, гречиха, тариқ, маккажўхори, қанд лавлаги экилади. Сабзавотчилик ва боғдорчилик ривожланган. Вилоят кашнич (кориандр) экишда Россияда биринчи ўринда. Кашничдан парфюмерия саноатида ишлатиладиган эфир мойи олинади. Чорвачилик сутгўштга ихтисослашган. Қорамол, чўчқа, парранда боқилади. Белгород вилояти дан бир қанча магистрал темир йўллар ва Москва – Симферопол автомобил йўли ўтган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Россия оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |