Беринг ороли — Беринг денгизининг Командор ороллари гуруҳидаги орол (РФ). Майдони 1,7 минг км². Жануби шарқий қисми тоғли (энг баланд қисми 751 м), палеогеннеогеннинг туф ва антропогеннинг эффузив ётқизиқларидан тузилган. Иқлими океан субарктика иқлими. Йилига 500 мм ёғин ёғади. Асосан, тундра ўсимликлари, сойликларда лакана кайин, тол, четан (рябина) ўсади. Соҳилида денгиз мушуги, сивуч яшайди. Аҳолиси — руслар ва алеутлар. В. Беринг номи билан аталган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил