Беш торли скрипка, квинтон ёки „бештор“ — қўшимча торли скрипка тури бўлиб, одатда скрипка диапазонидан пастроқ ҳолатда созланади. Оддий скрипка учун стандарт ҳисобланган Г (сол), Д (ре), А (ля) ва Э (ми) торларига қўшимча равишда пастки (басс) C (до) торлари қўшилади[1]. (Шунингдек, Ф (фа) ва Б ♭ (си бемол) торлари қўшилган олти ёки етти торли электрон скрипка намуналари ҳам мавжуд).

Беш торли скрипка импровизаторлар, скрипка диапазонини кенгайтириш ва иккита чолғу асбоби — скрипка ҳамда алтни бирлаштирмоқчи бўлган мусиқачилар учун ечим сифатида яратилган. Кўплаб мукофотларга сазовор бўлган, блуграсс услубида ижод қилувчи скрипкачи америкалик Бобби Хикс 1963-йилда шу турдаги блуграсс скрипкасини оммалаштиришни бошлаган. У биринчи марта Лас-Вегасдаги жонли ижро вақтида асбобнинг модификацияланган намунасини намойиш этган.

Тузилиши

Беш торли скрипканинг таркибий компонентлари оддий скрипкаларда ҳам мавжуд бўлган қисмларга жуда ўхшаш. Торлар Америка ноталар тизимига кўра одатдаги баландликларга: C3, Г3, Д4, А4 ва Э5, яъни: кичик октавада До, кичик октавада Сол, биринчи октавада Ре, биринчи октавада Ля ва иккинчи октавада Ми га созланган. „Бештор“ нинг танаси ва бўйин шакли оддий скрипкага жуда ўхшайди, аммо танасининг пастки қисми До резонансини яратиш учун бироз кенгроқ ва чуқурроқ қилиб ишланган. Скрипка бўйни ва грифи ҳам нисбатан кенгроқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бешта торнинг барчасига етадиган қулоқларни жойлаштириш учун скрипканинг бош қисмини ҳам катталаштириш керак бўлган. Шунга қарамай, квинтон одатда алтдан кичкинароқ кўринишда бўлади.

Фойдаланиш

Сўнгги пайтларда беш торли скрипка импровизация имкониятларининг кенгайиши, оҳанглар диапазонининг ортиши ва қизиқарли гармоник бирикмалар туфайли машҳур асбоблардан бирига айланди. Бугунги кунда у „фиддлинг“ мамлакатларида, жумладан Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Канада ва Европа каби скрипка анъанаси ривожланган кўплаб бошқа давлатларда, шунингдек, Свинг мусиқаси ва жаззда ёки замонавий мусиқанинг бошқа услубларида кенг тарқалган. Фанк, рок ва бошқа услубларда одатда электрон чолғу асбобларидан фойдаланилади. Квинтончилар ҳам скрипка, ҳам алт (виолончел) учун ёзилган асарларни, шунингдек, ушбу чолғу асбоби учун яратилган махсус асарларни ижро этиш имкониятига эга бўладилар. Скрипкадан фойдаланиладиган анъанавий йўналишларда, масалан, классик мусиқада, беш торли скрипка асбоби овоз сифати туфайли қабул қилинмаган.

Манбалар

  1. ↑ Дарол Ангер. „Фиве-Стринг Фиддлес Аре он тҳе Рисе“ (деадлинк). Стрингс Магазине. 2013-йил 20-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2011-йил 27-январ.

Адабиётлар

Ҳаволалар