Betochar
Беточар —юз очар, юз кўрар — Ўрта Осиё халқларида, жумладан ўзбек халқида кенг тарқалган, никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлардан бири. Беточар маросимини ўтказиш тартиби ҳар ерда ҳар хил бўлиши мумкин. Кўп жойларда бу маросим келин тушган куннинг эртасига, келин саломаян кейин, айрим ерларда (куёв томоннинг имкониятига қараб) 2—3 кундан сўнг ўтказилган. Беточар куни келинга сарпо кийдириб, тақинчокларни тақиб, ясаниб, бетига оқ матодан парда тутиб, янга уни эшик олдига ёки ҳовли саҳнига олиб чиқади. Келиннинг бетини одат бўйича куёвга яқин қариндош, 5—6 ёшли ўғил бола очади. Бунинг учун мевали дарахтдан олинган пахта ўралган хивич (серфарзанд бўлишини ният қилиб) билан. айрим ерларда пахта ўралган чўмичнинг дастаси(бахтли бўлсин, қўлидан чўмич аримасин деб тилак қилиб) билан келиннинг бетидаги парда олинади. Келиннинг бетини биринчи бўлиб куёвнинг онаси кўради. Келин билан кўришганда қайнона келинининг бошига иккита нон (ризқли бўлсин деб) қўйиб, сўнгра уни бурдалаб маросим иштирокчиларига (сизлар ҳам тўй кўринглар деган маънода) улашади. Келиннинг бетини очганда қўлланган пахтани ҳам қизлар талашиб оладилар, ундан ип қилиб, сочларининг учига (ният қилиб) улаб юрадилар. Куёвнинг онасидан кейин куёвнинг отаси, тоғаси, булардан кейин бошқа қариндошлар биринкетин келиб кўришиб кўрмана топширадилар. Ўз навбатида келин томон ҳам уларга кўрмана берганлар. Болаларга келин томон ёнғоқ, майиз, туршак ва турли ширинликлар улашадилар.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |