Bibishak
Бибишак ("биби" ва "шоҳ" сузларидан)—Шарқ, жумладан, ўзбек аёлларининг безак буюми; одатда, аёлларнинг бош кийими (дурра)га—якка ҳолда пешона ўртасига, жуфт ҳолда икки чаккага, ансамбл ҳолида йирик шаклда пешона ва чаккаларга тақилади. Б.нинг "моҳи тилла", "от туёғи" ва бошқа маҳаллий атамалари бор. Бухоро, Самарқанд ва бошқа жойларда қадимдан урф бўлган. Б. икки учи юқорига қайрилган ярим ой шаклида бўлиб, ўртасига ромб ёки ғунча шакли жойлаштирилади ёки баъзан куш гажаксимон кўринишга эга бўлади; қадимда, шунингдек марказий ғунча ёнида турган қўшалоқ қуш кўринишидаги шакл ҳам учрайди. Унга тагидан шокилалар қатори осилади; юқорисида учта калта ҳалқа занжир ўзаро илмоқ (тўғноғич)га бирлаштирилади, унинг ёрдамида тақинчоқ бош кийимга мустаҳкамланади. Б. икки хил усулда тайёрланади: юпқа тилла ёки тилла суви югуртирилган кумуш япроқчага босма усулида ҳандасий нақшлар ишланади, кўзлар қадалади, шунингдек шабака усулида панжарали ишланиб, тешиклари феруза кўзлар билан тўлдирилади. Шокилалар дур, лаъл, шиша ва бошқа маржон кўзли қилиб ясалади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |