Биметаллизм — қиймат ўлчови (қонунлаштирилган умумий эквивалент) вазифасини 2 нодир металл — олтин ва кумуш бажарадиган пул тизими ҳамда шу икки металлдан зарб қилинган тангаларнинг мамлакатда муомалада юриши. Б. 16 — ХИХ асрларда Ғарбий Европада кенг тарқалган эди. Б.нинг 2 шакли мавжуд бўлган. Булар: 1) олтин тангалар билан кумуш тангаларнинг бир-бирига нисбати бозор қийматига қараб стихияли равишда белгиланадиган параллел валюта. тизими; 2) икки металл қийматлари ўртасидаги нисбат давлат томонидан белгиланадиган қўш валюта тизими. Б. шароитида қоғоз пуллар эмиссия муассасалари хоҳиши билан ё олтинга, ёки кумушга майдаланган, шунинг учун мамлакатнинг валюта захираси 2 металлдан иборат бўлган. Қўқон, Бухоро ва Хива хонликларидаги пул тизими Б.дан ҳам мураккаброқ бўлиб, муомалада 2 эмас, балки 3 металл: олтин ("тилла"), кумуш ("танга") ва мис ("пул") юрган. Уларнинг қийматлари ўртасидаги нисбат иқтисодий ва сиёсий сабаблар туфайли доимо ўзгариб турган. Бу эса товар-пул муносабатларини жуда қийинлаштирган. Зотан Б. ҳам, муомалада 3 металл юриши ҳам пулнинг умумий ягона муқобил сифатидаги табиатига зид эди. Тараққий этган мамлакатлар ХИХ аср охирларига келиб монометаллизм (олтин)га асосланган пул тизимига биринкетин ўтдилар. ХХ асрнинг 60- йиллар охиридан қоғоз пулларнинг олтин таъминоти бекор қилиниши билан монометаллизм ҳам ўз аҳамиятини йўқотди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил