Биоиндикаторлар (био... ва лот. индиcо—кўрсатаман, аниқлайман)—сони ёки ривожланиш хусусиятларининг ўзгариши орқали яшаш муҳитида содир бўлаётган табиий жараёнлар, шароит ёки антропоген ўзгаришлардан дарак берувчи тирик организмлар. Кўпчилик организмлар яшаш муҳити омиллари (тупроқ, сув ва атмосферанинг кимёвий таркиби, икдим ва обҳаво шароити, бошқа организмларнинг бўлиши ва бошқалар)га жуда сезгир бўлиб, бу омиллар муайян, кўпинча чекланган чегарада ўзгаргандагина ҳаёт кечира олади. Мае, денгизда балиқчи қушларнинг тўпланиши балиқлар тўдаси келаётганлигини кўрсатади. Махсус планктон ва бентос организмлари эса сув массаси ва оқимининг пайдо бўлиши ёкисувҳавзасинингшўрланганлик даражаси, ҳарорати ва бошқа хусусиятларининг кўрсаткичи ҳисобланади. Лишайниклар ва айрим нинабарглилар атмосфера ҳавоси, булоқчилар ва баҳорикорлар личинкалари сув ҳавзалари тозалигининг Б. ҳисобланади. Тупрокда яшайдиган бир қанча микроорганизмлар ва ўсимликлардан фойдали қазилма бойликларни қидириб топишда Б. сифатида фойдаланилади. Тупроқ ҳайвонлари комплексига биноан тупроқ типлари ва уларни одамнинг хўжалик фаолияти таъсирида ўзгаришини аниклаш мумкин. Б. ёрдамида субстратда витаминлар, антибиотиклар, гормонлар ва бошқа биологик фаол моддалар бўлишини, ҳар хил кимёвий моддалар (рН, тузлар таркиби ва бошқалар) ҳамда физик омиллар (радиоактивлик ва бошқалар) интенсивлигини баҳолаш, шунингдек узоқ тарихий жараёнларни таърифлаб бериш мумкин. Мае, Қизилқум қудуқларида чиғаноқли бир хужайралиларнинг топилиши ҳозирги қумлик чўл ўрнида қадимда денгиз бўлганлигидан дарак беради. Табиий муҳитнинг ифлосланиши даражасини назорат қилиб бориш (мониторинг) Б.дан фойдаланишнинг энг муҳим томонларидан бири ҳисобланади. Мае, сувлар флораси ва фаунаси таркиби, улардаги айрим турларнинг миқдорий кўрсаткичларига биноан сувларнинг ифлосланиш даражаси ва хусусиятлари, уларни ичишга ёки хўжалик мақсадларида фойдаланишга яроклиги ҳамда тозалаш иншоотларининг самарадорлигига баҳо бериш мумкин. Космонавтикада Б. ёрдамида космик фазода тирик организмнинг нормал ҳаёт кечиришига ёрдам берадиган системалар синаб кўрилади. Масалан, 1966-йил "Космос 110"да итларни учириш орқали космос да узоқ учиш пайтида организмда содир бўладиган ўзгаришлар ва космик кема биологик системаси текшириб кўридди. Б. орқали олинган маълумотлар космик учиш аппаратларидаги автоматик системаларни инсоннинг ҳаёти учун қулайлигини аниклаш ва хавфли вазият пайдо бўлганида тегишли тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил