Ўзбекистон Фанлар академияси Биокимё институти — илмий тадқиқот муассасаси, 1967-йил Ўзбекистон Фанлар академияси Ўлка медицинаси институтининг биокимё лаборатория. билан Зоология ва паразитология институтининг биокимё ва биофизика бўлими негизида ташкил этилган. Институтда олиб бориладиган тадқиқотлар биологик системалар тузилишининг биокимёвий асослари ва бошқарувини ўрганиш, тирик организмлар фаолиятининг биокимёвий ва молекуляр механизмларини тадқиқ этиш; нормал ва патологик ҳолатларда ҳужайра мембранаси ва ҳужайра ичидаги биокимёвий жараёнларга гормонлар ва бошқа биологик фаол моддалар таъсирини ўрганиш, шунингдек уларнинг таъсир механизмларидаги янги ҳодисаларни очиш; организмда ёд етишмаслиги ҳамда буқоқ пайдо бўлишининг биокимёвий ва молекуляр механизмларини излаш, қандли диабетда глюкозанинг ҳужайра ичига ўтмаслик сабабларининг молекуляр асосларини топиш ва ҳужайра қобиғи тузилишининг аҳамиятини аниқлаш, Ўрта Осиё илонларидан олинадиган заҳарлар таркибини ўрганиш ва улардан кимёвий соф биологик фаол моддалар (ферментлар, токсинлар, турли пептидлар) ажратиб олиш ҳамда уларнинг тирик организмларга таъсир этиш жараёнларини ўрганишдан иборат. Ҳужайра ва сунъий мембраналарнинг ўзаро таъсирини ўрганиш асосида оригинал липосомалар яратиш усули ишлаб чиқилган. Липосомалар ўз таркибидаги физиологик фаол моддалар — дори-дармонларни белгиланган аъзоларга етказишни таъминлайди. Уларнинг бу хусусияти ген ва мембрана инженерия сида қўлланади. Булардан ташқари, ҳайвон маҳсулотларидан ажратиб олинган нерв ўстирувчи омил — радиопротекторларнинг физиккимёвий хусусиятлари ва таъсир механизмлари ҳам ўрганилмоқда. Институтда 8 лаборатория. бўлиб, уларда 105 ходим, жумладан Ўзбекистон Фанлар академияси 3 академиги (Й. Х. Тўрақулов, Ж. Ҳ. Ҳамидов, Т. Соатов), 14 фан доктори, 33 фан номзоди фаолият кўрсатади (2000). Институтда олиб борилган илмий ишлар ҳамда фундаментал тадқиқотлар учун институт олимларидан бир гуруҳи Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган (1985, 1990, 1992)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил