Биометеорология — экологиянинг бўлими; атмосфера муҳитининг геофизик ва кимёвий омиллари билан тирик организмлар ўртасидаги бевосита ва бавосита алоқаларни ҳамда иқлим ва обҳаво билан тирик организмлар ўртасидаги ўзаро таъсирни ўрганади. Ўсимликлар Б.си, ҳайвонлар Б.си ва одам Б.сига бўлинади. Ўсимликлар Б.си атроф муҳит барча компонентларининг ҳам табиий шароитларини, ҳам одамнинг ўсимликлар оламига кўрсатадиган турли хил (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, ўрмончилик ва шаҳри к.га) таъсирини ўрганади (қаранг Лгроиқлимшунослик). Ҳайвонлар Б.си атроф муҳит билан организмларнинг (яшайдиган муҳит хусусиятлари билан боғлиқ бўлган) ҳолати, ривожланиши ва ҳаракат функсияларининг намоён бўлиши ўртасидаги ўзаро таъсирининг кенг комплексларини ўрганади. Одам уй ҳайвонларининг яшаш шароитларига муайян мақсадга мувофиқ таъсир курсатганлигидан уй ҳайвонлари билан ёввойи ҳайвонлар Б.си ўртасида муҳим тафовутлар бор. Одам Б.си метеорологик элементлар (тра, намлик, шамол, радиация, атмосфера электри ва бошқалар)нинг организмга таъсирини, одамларнинг атмосфера муҳити узгаришларига мослашувини, шунингдек турли касалликларнинг пайдо булишида бу ўзгаришларнинг ўрни ва моҳиятини ўрганади. Б. табиий атроф муҳитнинг таъсиридан ташқари инсон томонидан яратилган атроф муҳит—аҳоли пунктларида, биноларда ва алоҳида (изоляцияланган) система (ҳар хил турдаги берк транспорт ва бошқалар)лардаги муҳитнинг таъсирини ҳам ўрганади. Организмнинг муҳит метеорологик ва физик омиллари таъсирида шаклланувчи иссиқлик режимини ўрганиш одам Б.сининг муҳим масалаларидан биридир. Одам организмининг иссикдик режими (ҳолати)ни баҳолашда иссиқликни сезишдан (ута совуқ, совуқ, салқин, илиқ, иссиқ, ўта иссиқ ва ҳоказо) олинган маълумотлардан ташқари яна обектив кўрсаткичлар (терлаш миқсори, тери ҳарорати, томир уриш тезлиги, мускул титраши ва бошқалар) ҳам ҳисобга олинади. Иссиклик ҳолатини баҳолашда турли ҳисоблаш усулларидан фойдаланилади. Илмий асосланган усуллардан бири организм иссиклик балансининг таркибий қисмларини ҳисобга олишдир. Физикавий моделлаш усуллари ҳам қўлланади. Кишиларнинг меҳнат қилиш ва дам олиш режимини оптималлаштириш, ноқулай обҳаво омилларининг таъсирини камайтириш мақсадида турли меҳнат фаолияти шароитларида одамнинг иссиқлик ҳолати хусусиятларига алоҳида эътибор берилади. Биометеорологик кузатишлар ва ҳисоблаш маълумотларидан организмлар учун оптимал яшаш шароитларини таъминлашда, меҳнатни меъёрлаш ва бошқаларда кенг фойдаланилади (қаранг Микроиқлим).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил