Бионика (юн. бион — ҳаёт элементи, асл маъноси — яшовчи) — биология ва кибернетиканинг янада мукаммал техник воситалар ёки қурилмаларни яратиш мақсадида организмларнинг тузилиши ва ҳаёт фаолиятини ўрганадиган бир йўналиши. Б. ХХ асрнинг 2-ярмида шаклланган. Нерв системасида ахборотнинг қайта ишланиш усули, сезги органларининг тузилиши ва ишлаши хусусиятлари, навигация, ориентация ва локация тамойиллари ёки одам ва ҳайвонларда содир бўладиган бошқа жараёнлар, шунингдек фойдали иш коэффициента жуда юқори бўлган биоэнергетик жараёнлар Б.нинг асосий масалаларидир. Нерв системаси сигналларни аниқ ва бехато қабул қилиши, ишончли, ихчам ва энергияни тежаб сарфлаши билан электрон ҳисоблаш машиналарига нисбатан катта афзалликка эга. Нерв системаси ва сезги аъзоларини ўрганиш "ўйловчи" машиналар, ёруғлик, ҳарорат ва электр майдонини сезувчи ихчам ва ўта сезгир датчиклар ҳамда ҳаракатдаги жисмни кузатиб борадиган асбоблар яратишда катта аҳамиятга эга. Ҳид билиш аъзосини ўрганиш эса ҳаводаги ёки сувдаги ҳидли моддаларнинг энг кам миқдорини билишга имкон берадиган қурилмаларни яратишга ёрдам беради. Ҳайвонларда учрайдиган инфракизил нурлар, ултратовуш ва ҳароратни сезувчи ресепторлар асосида матн ва схемаларни ўқийдиган ва танийдиган, осселограммалар ва рентгенограммаларни таҳлил эта оладиган курилмалар ишлаб чикилган. Кушлар, баликлар ва бошқа ҳайвонларнинг навигация қобилиятини ўрганиш навигацияда фойдаланиладиган ускуналарни такомиллаштиришга имкон беради. Ҳайвонларнинг морфологик тузилишини ўрганиш эса техник конструксияларни барпо этишда янги ғоялар манбаи ҳисобланади. Сувда тез сузадиган ҳайвонларнинг терисини ўрганиш тез сузар кемалар, суякларнинг тузилишини ўрганишдан олинган маълумотлар енгил ва мустаҳкам конструксиялар яратишга имкон берди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил