Биоптика (био... ва юн. оптике — нур) — биологиянинг нур ҳосил бўлиши ва тарқалиши, унинг турли моддалар билан ўзаро таъсирини текширадиган бўлими. Б. организмларнинг ёруғлик нурини қабул қилиш, ундан кўриш ва мўлжал олишда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳодисаларни ўрганади. Ёруғлик нуридан таъсирланиш ва унга реаксия курсатиш энг содда организмлардан тортиб юксак ўсимликлар ва ҳайвонларгача бўлган хусусиятдир. Б. турлича намоён бўлади. Бир ҳужайралиларда ёруғлик қабул қиладиган махсус органоид—хроматофор ҳам учрайди. Юксак тузилган ҳайвонларнинг махсус органи — кўзи ва нерв системаси ёруғликни қабул қилиш билан бир қаторда, жисмлар тасвирини ва уларга хос бўлган хусусиятларни фарқлаб олади. Кўз турли организмларда турлича тузилган. Ҳашаротлар ва қисқичбақасимонларнинг кўзлари кўп сонли омматидлар (кўзачалар)дан ташкил топган мураккаб фасеткали ҳарактерга эга бўлса, бошоёқли моллюскалар ва умуртқалиларда мураккаб тузилган бўлиб, шох парда, кўз гавҳари сингари оптик элементларга эга. Кўз фоторесептор сифатида фарқлаш чегараси, аккомодация аппарати, мутлақ сезгирлиги ва рангларни фарқлаш хусусиятларига эга. Б. кўзларнинг тузилиши билан бир қаторда кўриш ва фарқлаш фаолияти ёрдамида тур учун хос бўлган сигналлар, яъни ранг, турқавтор, имоишора, мимика, огохлантирувчи ва қўркитувчи ҳолатлар; тана шакли, гул ва мевалар рангини ифодаловчи сигналларни қабул қилиш механизмларини ҳам ўрганади. Кўриш органининг фаолияти ва хоссалари муҳит шароити хусусиятига (ёритилганлик, ёритилиш интенсивлиги, нурнинг спектр таркиби, муҳитнинг тиниклик даражаси ва бошқалар) билан ҳам боғлиқ.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил