Биотелеметрия, биологик телеметрия (био..., теле... ва ...метрия) — биологик ҳодисаларни тадқиқ этиш ва биологик кўрсаткичларни (мас, космонавтлар, спортчиларнинг томир уриши, қон босими, ҳароратини) масофадан туриб ўлчаш ва текшириш усуллари мажмуи. Б. текширишларни олис масофадан туриб ҳам (мас, космик учишларда) ёки ўрганиладиган объектнинг ҳаракати пайтида (мас, спорт мусобақалари ёки меҳнат фаолияти пайтида) ўтказиш имконини беради. Б.да ўрганилаётган объектга (одам ва ҳайвонга) махсус датчиклар ўрнатилади; улардан чиқаётган сигналлар алоқа каналлари орқали қабул пунктига узатилади ва у ерда қайд этилади.

Тадқиқ этилаётган жараён электрик жараён бўлмаса (мас, юракнинг уриши), у электр сигналларига айлантирилади. Космик кемада учаётган одам ва ҳайвон организмининг ҳолатини кузатиш космик Б. дейилади. Б.да ўта митти радиоузатгичлар ёрдамида ички органларда бўлаётган жараёнларни ўрганиш ва уларни даволаш мумкин. Бунинг учун махсус датчиклар (радиокапсулалар, электродлар) ички аъзолар ёки тўқималарга киритилади. Б. воситасида ҳайвонларнинг хулқатворини ҳар хил шароитда, мас, кушлар учаётганида ҳам ўрганиш мумкин. Б. космик биология ва космик тиббиёт, меҳнат ва спорт физиологиясида муҳим аҳамиятга эга.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил