Birjandiy
Биржандий (ваф. Тахм. 1526-28 йиллар.)) — астроном, математик олим.
Биржандий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | астроном, математик |
Мирзо Улуғбек мактабининг кўзга кўринган намояндаларидан яна бири астроном ва математик, шунингдек, ҳанафий фақиҳларидан бири Абдулало ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Биржандий Туркистоннинг „Биржанд“ деган жойига нисбат берилган[1]. Унинг туғилган санаси ҳақида маълумотлар топилмади. Аллома 932/1526[2] ёки 935/1528[3] йил вафот этган. Маълумотларга қараганда, аллома Эроннинг Машҳад шаҳридаги „Қатлгоҳ“ мақбарасига дафн этилган. Унинг таржимаи ҳоли ҳақида етарли маълумотлар йўқ. Академик Т.Н. Қори-Ниёзийнинг ёзишича, Биржандий Мирзо Улуғбек мактабининг намояндаларидан Муинуддиннинг ўғли Мансур Кошийнинг шогирди бўлган. Биржандийнинг илмий фаолияти унинг бизгача етиб келган илмий асарлари билан анча ойдинлашган.
Асарлари
У қуйидаги асарларга муаллифлик қилган: „Шарҳ Зижи Кўрагоний“ („Кўрагоний зижига шарҳ“) асари Мирзо Улуғбекнинг астрономия жадвалига ёзилган мукаммал шарҳ бўлиб, Биржандий уни 929/1522 йили форс тилида ёзган. Бу шарҳни Биржандий ўз қўли билан ёзган, кўпгина шакллар чизилган, дастхат қўлёзма нусхаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида (инв. № 704) сақланмоқда. Қозизода Румийнинг „Чағминий астрономик рисоласи“га ёзган шарҳларини изоҳлаган. Бу асарнинг бир қанча қўлёзма нусхаси бизгача етиб келган бўлиб, жумладан, бир нусхаси Санкт-Петербург Шарқшунослик институтида (№ 126,2), яна бир нусхаси Саудия Арабистонининг „Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломийя“ кутубхонасида сақланмоқда. „Шарҳу-т-таҳрир Мажастий“ („Мажастий таҳририга шарҳ“)ининг кириш қисмида ёзишича, Батлимуснинг (мил. аввал ИИ асрнинг биринчи ярми) „Мажастий“ номли асарини Носируддин Тусий (1197—1274) „Таҳриру-л-Мажастий“ номи билан араб тилида баён қилган. Бу таҳрирда ва унга Низомуддин Ҳасан Нишопурийнинг ёзган шарҳида кўпгина изоҳ талаб сирли, қоронғи истилоҳ ва иборалар борлиги учун Биржандий уни қайта шарҳ қилган. Араб тилида қилинган Биржандий шарҳининг бир нусхаси Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. № 464) сақланмоқда. „Шарҳи китоби бист боби устурлоб дар маърифати аъмол устурлоб“ („Устурлоб ишларини билиш ҳақида йигирма бобли устурлоб китобига шарҳ“) асарида аллома устурлоб (астролябия)ни батафсил шарҳлаб, уни астрономиянинг турли масалаларига қўллаш лозимлигини баён этган. Бу асар бир неча қўлёзма нусхада бизгача етиб келган бўлиб, улардан бири ЎзР ФА Шарқшунослик институтида (инв. № 1854) сақланмоқда. „Рисола дар маърифати тақвим“ („Йил ҳисоби ҳақида рисола“) асари форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, астрономия ҳақида ёзилган рисоланинг ягона нусхаси Оксфордда сақланмоқда[4]. „Шарҳу-н-ниқоя мухтасари-л-виқоя“ асари Сад-рушшариъанинг асарига шарҳдир. Асарни Қосим ибн Қутлубуғо (ваф. 879/1474 й.) ёза бошлаган, 932/1526-йил Биржандий Истанбулда ёзиб тугатган. Асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари Саудия Арабистонининг „Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломийя“ кутубхонасида (инв. № в/12079-12075ب, 13812, 13582-13576ب) сақланмоқда. Шунингдек, математикага оид „Шарҳул-л-фавоиди-л-баҳийя“ („Чиройли фойдаларнинг шарҳи“), усулга оид „Шарҳу-л-манор ли-н-Насафий“ („Насафийнинг Ал-манорига шарҳ“), Носируддин Тусийнинг „Тазкира“ асарига ёзган шарҳи „Шарҳу-т-тазкира“ларни таълиф этган.
Адабиётлар
Манбалар
- ↑ Хайруллаев М.М. Маънавият юлдузлари. – Т. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1999. – Б.30.
- ↑ Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 5. – Байрут: Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий, 2009. – Б. 266.
- ↑ Зириклий. Ал-аълом. Ж. 4. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 30.
- ↑ Абдуллаев И. Ҳикматуллаев Ҳ. Самарқандлик олимлар. – Т.: Фан, 1969. – Б. 63.
| Ушбу мақолада Ўрта аср Шарқ алломалари энсиклопедияси маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |