Bishimbayev ishi

Бишимбаев иши — қозоғистонлик Салтанат Нукенованинг ўлими бўйича унинг қонуний эри, сиёсатчи Қуандиқ Бишимбаев ва унинг жияни Бахитжан Байжановга нисбатан очилган суд иши.
Тергов маълумотларига кўра, 2023-йил 9-ноябрга ўтар кечасида Бишимбаев ўз хотинини Остонадаги ресторанлардан бирида калтаклаган ва аёлини ўша ерда қолдирган. Аёл шу ҳолатда 6-8 соат давомида ВИП кабинасининг полида ўлик ҳолатда қолиб кетган. Бишимбаев ўз айбини тан олмаган, унинг айтиши бўйича, ўша куни кечқурун унинг рафиқаси спиртли ичимлик ичиб келган. Шунингдек, собиқ вазирнинг қариндоши, яъни унинг жияни Баитжан Байжанов, жиноятни яширганликда ва ўз вақтида хабар бермаганликда айбланган. Бунга асос сифатида, Бишимбаевнинг буйруғи билан видеокузатув камерасидаги ёзувларни ўчириб ташлаганлигини айтилган[1].
Асосий суд мажлиси 2024-йил 27-март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган, кейинги суд мажлиси эса 17-апрелда бошланган.
Бу иш Қозоғистон телевидиняси орқали жонли эфирда намойиш этилган. Бу ҳолат Қозоғистондаги биринчи оилада бўлган зўравонликка оид судни жонли эфирда намойиш этилиши билан ҳам эътиборга молик бўлган. Шу ва бошқа сабабларга кўра, бу ҳолатни миллионлаб одамлар, жумладан Қозоғистондан ташқаридаги чет эл фуқаролари ҳам кузатмоқда.
Аввалги суд ишлари
Бишимбаевнинг илк ҳибсга олиниши
Суд ишидаги асосий айбланувчи Қуандиқ Бишимбаев 2016-йилнинг май ойидан декабригача Миллий иқтисодиёт вазири лавозимида фаолият олиб борганлиги билан машҳур бўлган қозоғистонлик сиёсатчидир. Озодлик радиоси ҳам уни собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий элитаси вакили сифатида таърифлаган[2].
2017-йилнинг 10-январида „Жиноят содир этиш ёки унинг ижросига раҳбарлик қилиш, шунингдек, жиноий гуруҳ тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш“, „хорижий мулкни ўзлаштириш ёки талон-тарож қилиш“ каби ҳуқуқбузаликлар билан айбланган Бишимбаев давлат хизматидалик чоғида ҳибсга олинган. 2018-йилнинг мартигача давом этган суд иши натижасида, у коррупсия содир этганлиги учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бишимбаев жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўташи керак эди, бироқ 2019-йилнинг кузида Чимкентдаги қамоқхонадан озод этилади ва президент Қасим-Жомарт Тоқаев фармони билан амнистия қилинган, ҳамда жазо муддати 10 йилдан 4 йилга қисқартирилган[3].
Бишимбаевнинг иккинчи турмуши
Бишимбаев, Нукенова билан 2022-йилнинг август ойида Остона шаҳрида учрашган. Турмуш қуриш таклифига Нукенова бир неча бор рад жавобини берганига қарамай, Бишимбаев уни таъқиб қилишни давом эттиради, ҳамда ўзини яхши кўрсатиб, уни учрашишга таклиф этади.
Суд жараёнида прокурор Айжан Аймагановага тақдим этилган ҳужжатда, Бишимбаев Нукеновага қариндошлари ва дўстлари билан гаплашиш ҳамда учрашишни тақиқлаб қўйгани, шунингдек, унинг барча телефон қўнғироқлари, СМС-хабарлари ва қаердалигини кузатиб турганини маълум қилган. Шу билан биргаликда, Бишимбаев унга жанжал келтириб чиқармаслигини уқтиргани ҳақида ҳам айтиб ўтган[4].
Прокурор келтирган маълумотларга кўра, Нукенова ҳам, унинг қариндошлари ҳам бу никоҳга қарши бўлишган. Аймаганованинг сўзларига кўра, Нукенова „яшаш жойи ва атмосферанинг ўзгариши Бишимбаевнинг унга бўлган муносабатини ўзгартиради“ деган умидда Остонадан Олмаотага кўчиб ўтишга рози бўлган[5].
„2023-йилнинг апрел ойида Бишимбаев Нукенованинг қариндошлари қизнинг юзида калтак излари бор ҳолидаги тасвирини кўриб қолиашади. Агар ажрашадиган бўлса, аёл ушбу фотосуратлар билан уни шантаж қилиши мумкин эди. Бишинбаев Нукеновадан яланғоч ҳолатда интим видео суратга олишини талаб қилган ва бу унинг кафолати бўлишини тушунтирган. Нукенова қўрқиб кетади ва … ўз хоҳишига қарши бу талабни бажаради ва [эрига] бу жирканч видеони олишга рухсат беришга мажбур бўлади“, дейди прокурор[6].
Прокурорнинг сўзларига кўра, 2023-йил октябр ойида Бишимбаев Нукеновани яна калтаклаган, натижада унда субдурал гематомаси пайдо бўлган. Аёлнинг ўлими вақтида бу гематома „сурункали касаллик“ босқичига етгани ҳам аниқланган.
2022-йил 17-октябр куни Бишимбаев ва Салтанат Нукенова Остона шаҳридаги Республика бош масжидида гувоҳлар иштирокида никоҳдан ўтишган. Мажлис депутати Асхат Аямагамбетов бу никоҳнинг расмий тарзда рўйхатдан ўтмасдан ўтказилганини ноқонуний деб билишини айтган[7].
Нукенованинг ўлими
Прокурорнинг сўзларига кўра, 2023-йилнинг 8-ноябр куни кечқурун эр-хотин Остонага россиялик қўшиқчи Дима Биланнинг консертини томоша қилиш учун келган, бироқ тадбир давомида улар ўртасида яна жанжал келиб чиққан[8]. Айблов хулосасига кўра улар консерт тугашини кутмасдан бинони тарк этиб, „БАУ“ ресторани томон пиёда борганликлари ёзилган. Бишимбаев ва Нукенова ресторанга етиб борганларидан кейин 5-сонли ВИП хонасига бориб, алкоголли ичимликлар, хусусан, шароб буюртма беришган[9].
9-ноябрга ўтар кечаси жанжал пайтида Нукенова Бишимбаевни ташлаб кетмоқчи эканлигини айтиб, акаси Айтбек Амангелдига қўнғироқ қилган ва уйига қайтиши ҳақида огоҳлантирган[10].
9-ноябр куни соат 00:30 атрофида эр-хотин бинодан чиқиб кетишган, Бишимбаев Нукеновага акаси билан учрашишни тақиқлаган. Прокурорнинг сўзларига кўра, соат 02:00 да улар бинога қайтиб келишган. Бишимбаев Нукенованинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилган, яна жанжал бошланиб, бундан ғазабланган Нукенова ички кийим ва тақинчоқлардан бошқа барча кийимларини ечиб ташлаган. Бишимбаевнинг бу ҳаракатлардан жаҳли чиқиб, мушт билан Нукенованинг бош ва тана қисмларига жароҳат етказган.
Прокурорнинг сўзларига кўра, эрталаб соат еттилар атрофида маст Бишимбаев Нукеновани ВИП хонасидан олиб чиқиб кетган. Кейин, машиналари турган автотураргоҳга боришган, аммо бинодан чиқиб кетишмайди. Шундан сўнг, ресторан фоесида „қаттиқ жаҳли чиққан“ Бишимбаев Нукенованинг танасига ва бошига бир неча марта уриб, туфлисини билан ҳимоясиз Нукенованинг танасига атайлаб тепишни бошлаган. Нукенованинг бошига қайта уриб, сочидан ушлаб, 1-сонли ВИП хонасига судраб олиб борган[11]. Видеокамерадан олинган тасвирда Бишимбаев Нукеновани калтаклагани ва сочидан тортиб олгани акс этган[12].
Бишимбаевнинг тушунтиришича, хотинининг юзидаги жароҳатлар унинг ҳожатхонада юзи билан қаттиқ йиқилиб тушиши сабабли пайдо бо'лган. Шунингдек у, хотинини ҳушидан кетиши учун 4-5 марта тепгани лекин тана а'золарига жароҳат етказмаганлигини та'кидлаган. Нукенованинг ўзига келолмаганини кўрган бўлсада, тез ёрдам чақирмаган.
Маълумки, Бишимбаев жияни Бахитжан Байжановга видеокузатув камерасидан баъзи ёзувларни ўчиришни буюрган.
Соат 19:54 да тез тиббий ёрдам стансиясига қўнғироқ келиб тушган ва тез ёрдам бригадаси етиб келганида Нукенованинг аллақачон вафот этганлиги тасдиқланган[13].
Ҳибсга олиниши
Қуандиқ Бишимбаев 11-ноябр куни Остона суди қарорига ко'ра, „Қотиллик“ айби билан икки ойга қамоққа олинган эди[14].
13-ноябр куни полиция ўлим содир бўлган „Гастро марказ“ директори Бишимбаевнинг жияни Бахитжан Байжанов устидан „Жиноят ҳақида хабар бермаслик“ моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган. Шундан сўнг, Байжанов 14-ноябр куни икки ойга қамалади[15]. 30-ноябр куни „жиноятни яширгани ва у ҳақида милицияга хабар бермагани“ учун вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилгани хабар қилинган эди[16].
Суд иши
26-феврал куни Бишимбаевнинг иши судга ўтказилгани ва унга „қийноққа солиш“ ва „ўта шафқациз қотиллик“ моддалари бўйича айблов қўйилгани маълум қилинган[17].
Тергов
3—4-апрел кунлари суд мажлисида Бишимбаев сўроқ қилинган. Айбланувчининг сўзларига кўра, ўша куни кечқурун рафиқаси билан бирга уч шиша спиртли ичимлик ичиб, муносабатлари ҳақида гаплашишган. Ўзаро жанжал пайтида Нукенова уни „беҳаё сўзлар билан ҳақоратлагани“, „қимматбаҳо“ аксессуарларини ҳожатхонага ташлаб юборганлиги сабабли жаҳли чиққанини айтаган[18].
Бишимбаевнинг „Нукенова ҳожатхонада йиқилиб, боши билан ерга урилган“ деган гапи эксперт томонидан рад этилди. Нукенованинг жароҳатлари йиқилиб тушиши натижасида келиб чиқиши мумкин эмас, деган хулосага келинган.
Суд мажлисида маълум бўлишича, Бишимбаев жияни Бахитжан Байжановдан видеокамералардаги ёзувларни ўчириб ташлашни талаб қилинган.
15-апрел куни суд мажлисида Бахитжан Байжанов Бишимбаевни „қотил“ деб атаган, ҳамда ҳақиқат учун қамоққа тушишга тайёрлигини ҳам айтган[19].
19-апрел куни номаълум шахслар томонидан суд раиси Айжан Қулбоевага таҳдид қилинган. Остона полицияси судяга шахсий хавфсизлик чораларини амалга оширган ва воқеа юзасидан „Суд ишига аралашиш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилиш“ моддаси бўйича иш қўзғатилганини маълум қилган.
22-апрел куни россиялик журналист Ксения Собчак суд жараёнини кузатиш учун келгани маълум бўлди[20]. Нукенова вафот этган куни Бишимбаевнинг телефонига ёзиб олинган 12 та видеода Бишимбаев Нукеновани ҳақорат қилгани акс этган. Видео давомида, Нукеновадан қозоғистонлик тадбиркор Райимбек Баталов билан қандай муносабатда эканлиги ҳақида ҳам сўраган. Шунингдек, видеода Нукенованинг калтакланиш пайтидаги овозлари ҳам ёзиб олинган. Бошида Бишимбаев бу видеоларни сохта деб айтган эди, кейинчалик эса барчасини тан олган ҳолатда бу ишни унга ҳиёнат қилгани учун амалга оширганлигини айтган[21]. Видеони кўриш давомида унинг яқинлари учун тез ёрдам чақиришларига тўғри келган[22]. Бу масалада, Баталов Нукенова билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаганлигини айтган[23].
24-апрел куни суд тергови якунланиб, 29-апрел куни суд мажлиси давом этиши маълум қилинган[24].
Ҳукм
13-май куни соат 17:00 да Олий суд томонидан Бишимбаев ва Байжановларга ҳукм эълон қилинди. Суд иши натижасида Бишимбаев „ўта шафқацизлик билан қасддан одам ўлдириш“ айби билан 24 йилга, Байжанов эса „ўта оғир жиноятни яширганлик“ учун 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. Агар тарафлар ҳукмдан норози бўлса, 14 кун ичида апелляция шикояти беришга ҳақлилиги айтиб ўтилган.
Оқибатлари
2024-йил 18-апрел санасида Имом Канат Қидирмин, Нукенова ва Бишимбаевнинг никоҳини ноқонуний тарзда амалга оширгани учун, унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланган ва огоҳлантириш берилган[25].
Муносабатлар
Салтанат Нукенованинг акаси, Павлодар шаҳрининг собиқ мери (2019-2020) Қайрат Нукенов Бишимбаевни „йиртқич ҳайвон“ деб атаган ва „уни умрининг охиригача кечирмаслигини“ айтган[26].
Бишимбаевнинг биринчи рафиқаси Нозим Қаҳарманова воқеадан хабар топгач[27], ҳайрон бўлганлигини ма'лум қилиб, буни „фожиали ҳолат“ деб баҳолаган, ҳамда Салтанатнинг оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор этган[28].
Суд жараёнини кузатиб борган Президент ҳузуридаги Оила-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия раиси Аида Балаева ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида „қозоқ халқи учун Салтанат Нукенова барча оиладаги зўравонлик қурбонларининг рамзига айланди“ дея фикр билдирган[29].
Манбалар
- ↑ Токоева, Айсымбат. „В Казахстане судят бывшего министра экономики за убийство жены в кабинке ресторана. Главные детали дела“ (ру). ББC Неwс (2024-йил 6-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „"Драма" мен "шоу" сипаты бар процесс. Бишімбаевтың соты миллиондаған адамның назарын аударды. Неліктен?“. Азаттық радиосы (2024-йил 18-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Жемқорлық әрекеті үшін 10 жылға сотталған Қуандық Бишімбаев неге босатылған еді?“. Егемен Қазақстан (2024-йил 10-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Суд над Бишимбаевым. Начало: в чём именно обвиняют экс-министра?“ (ру). Азаттық радиосы (2024-йил 11-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Суд над Бишимбаевым. Начало: в чём именно обвиняют экс-министра?“. Азаттық радиосы (2024-йил 11-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Суд над Бишимбаевым. Начало: в чём именно обвиняют экс-министра?“. Азаттық радиосы (2024-йил 11-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ Оралбаева, Эльмира. „Бишімбаев пен Нүкенованың некесін қиған имамға қандай шара қолданылды“ (кк). каз.информ.кз (2024-йил 18-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Суд над Бишимбаевым. Начало: в чём именно обвиняют экс-министра?“ (ру). Азаттық радиосы (2024-йил 11-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Суд над Бишимбаевым. Начало: в чём именно обвиняют экс-министра?“ (ру). Азаттық радиосы (2024-йил 11-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Бишімбаев ісі: Айтбек Амангелді сотта қарындасы көз жұмған түн туралы айтып берді“ (кк). Азаттық Рухы (2024-йил 29-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Суд над Бишимбаевым. Начало: в чём именно обвиняют экс-министра?“ (ру). Азаттық радиосы (2024-йил 11-март). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ Вайскопф, Анатолий. „Дело об убийстве жены. Как в Казахстане судят экс-министра“ (ру). Неміс толқыны (2024-йил 5-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Салтанат Нүкенованың өлімі: Бишімбаевқа қатысты іс қайта сараланды“ (кк). каз.тенгринеwс.кз (2023-йил 30-ноябр). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Салтанат Нүкенова өлімі: Астанадағы "Гастро-орталық" директоры екі айға қамалды“ (кк). Азаттық радиосы (2023-йил 14-ноябр). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Салтанат Нүкенова өлімі: Астанадағы "Гастро-орталық" директоры екі айға қамалды“ (кк). Азаттық радиосы (2023-йил 14-ноябр). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Салтанат Нүкенованың өлімі: Бишімбаевқа қатысты іс қайта сараланды“ (кк). каз.тенгринеwс.кз (2023-йил 30-ноябр). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Салтанат Нүкенованың өлімі: Қуандық Бишімбаев ісі сотқа түсті“ (кк). Азаттық радиосы (2024-йил 26-феврал). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ Токоева, Айсымбат. „В Казахстане судят бывшего министра экономики за убийство жены в кабинке ресторана. Главные детали дела“ (ру). ББC Неwс (2024-йил 6-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „"Он убийца!" - Байжанов о Бишимбаеве“ (ру). тенгринеwс.кз (2024-йил 15-апрел). Қаралди: 2024-йил 23-апрел.
- ↑ „Ксения Собчак Бишімбаевтың сотына қатысып жатыр“ (кк). неге.кз (2024-йил 22-апрел). Қаралди: 2024-йил 23-апрел.
- ↑ Сейсембек, Айдана. „"Ты спала с ним?" Видео с телефона Бишимбаева, записанные в ночь убийства Нукеновой, показали в суде“ (ру). информбуро.кз (2024-йил 22-апрел). Қаралди: 2024-йил 23-апрел.
- ↑ „«Безумная ложь». Бизнесмен Раимбек Баталов выступил с заявлением в связи с прозвучавшим в суде над Бишимбаевым“ (ру). Азаттық радиосы (2024-йил 23-апрел). Қаралди: 2024-йил 23-апрел.
- ↑ Қаһарман, Зарина. „"Сандырақ". Райымбек Баталов Қуандық Бишімбаевтың сотындағы бейнежазбаларға қатысты пікір білдірді“ (кк). информбуро.кз (2024-йил 23-апрел). Қаралди: 2024-йил 23-апрел.
- ↑ Мінап, Рая. „Бишімбаев ісі бойынша сот тергеуі аяқталды: жарыссөз басталады“ (кк). аикйн.кз (2024-йил 24-апрел). Қаралди: 2024-йил 24-апрел.
- ↑ Оралбаева, Эльмира. „Бишімбаев пен Нүкенованың некесін қиған имамға қандай шара қолданылды“ (кк). каз.информ.кз (2024-йил 18-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Салтанат Нүкенованың ағасы: Өмір бойы кешірмейміз“ (кк). тенгринеwс.кз (2023-йил 13-ноябр). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.
- ↑ „Бишимбаев Куандык Валиханович“ (ру). онлине.закон.кз. Қаралди: 2023-йил 11-ноябр.
- ↑ АҒЗАМҚЫЗЫ, Ақмарал. „"Шок болдым". Бишімбаевтың 14 жыл некеде болған әйелі пікір білдірді“ (кк). эл.кз (2023-йил 10-ноябр). Қаралди: 2023-йил 11-ноябр.
- ↑ Вайскопф, Анатолий. „Дело об убийстве жены. Как в Казахстане судят экс-министра“ (ру). Неміс толқыны (2024-йил 5-апрел). Қаралди: 2024-йил 20-апрел.