Бизнесфонд, Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди — ЎзРда хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга кўмаклашувчи махсус нодавлат тузилмаси, очиқ турдаги аксиядорлик жамияти. 1993 и. 21-июлда "Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаклашувчи фонд" номи билан ташкил этилди (1995-йил 26-июлда ҳозирги номда қайта тузилди). Бизнесфонд Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 бошқарма, 174 ахборотконсалтинг марказларига эга. Бизнесфонд "Аксиядор жамиятлар ва аксиядорларнинг ҳуқуқдарини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун (25.4.1996)га мувофиқ иш юритиб, деҳқон (фермер) хўжаликларини ривожлантириш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш; маҳаллий саноатни ривожлантириш; қурилиш ва қурилиш индустрияси; хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш; туризм каби соҳалардаги ишбилармонлик фаолиятини имтиёзли кредит билан таъминлайди. Кредитлаш муддати 3 — 10 йил, тўловлар муддатини 2 — 5 йилгача узайтириш мумкин. Кредит фоиз қўйилмаси 10 — 25%. Бизнесфонд капитали Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитасининг давлат мулкини сотишдан тушган тушумларидан (30%), Бандликка кўмаклашувчи фонд тушумларидан (10%), Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ва халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ва бошқа маблағлардан шаклланади.

Анвар Юсупов.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил