Блефарит (юн. блепҳарон — қовоқ) — киприклар асосининг яллиғланиши. Кўзнинг таъсирланиши, сурункали конъюнктивит, моддалар алмашинувининг бузилиши, меъдаичак касалликлари, сил, камқонлик; кўзнинг оптик нуқсонлари, яқиндан кўриш, астигматизм, узоқсан кўриш, шунингдек ноқулай ташқи шароит омиллари: чанг, шамол, тутун ва бошқа сабаб бўлиши мумкин. Б.нинг оддий, пўстлоқчали, ярали, бурчакли, Мейбомиев ва "косметик"хиллари фарқданади.Оддий Б.да қовоқ четлари қизаради, қичишади, шишади, киприк тагида оқишсарғимтир қазғоққа ўхшаш тангачалар ҳосил бўлади, кўз тез толиқади. Пўстлоқчали Б.да ушбу белгилар кучайиб, киприклар остидаги терида оқишкулранг қазғоққа ўхшаш тангачалар ҳосил бўлади. Ярали Б.да қовоқ четлари шишиб, қалинлашади, қизаради, қотиб қолган йиринг билан киприклар бир-бирига ёпишиб қолади, улар кўчирилганда қонайди, тагида йирингли, қон аралаш ярачалар кўринади, киприклар тўкилиб кетади, кўз қовоғи ағдарилиши мумкин. Бурчакли Б.да кўз тирқишининг ташқи бурчагидаги тери ва шиллиқ парда қизаради, кўз ёшланади, кўпиксимон ажралма чиқади. Мейбомиев Б. Мейбомиев безларининг кўп секрет чиқаришидан пайдо бўлиб, бунда қовоқ четлари худди мойлангандек ялтираб туради. " Кос метик" Б. кўпроқаёлларгахос бўлиб, турли крем, бўёқ қаламлардан фойдаланиши туфайли рўй беради. Б.нинг олдини олиш учун ноқулай гигиеник шароитларни бартараф этиш, бекаму кўст овқатланиш, кўздаги оптик нуқсонларни тўғрилаш зарур. Б.га чалинганда дарҳол врачга мурожаат этиш керак. Давоси: Б.га сабаб бўлган омилларни йўқотиш зарур. Антибиотиклар, сулфаниламидлар, десенсибилизацияловчи дорилар, глюкокортикостероидлар ишлатилади; қовоқлар массаж қилинади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил