Блокада (инг. блоcкаде — қамал, қуршамоқ) — 1) (ҳарбий) — ҳарбий ҳаракатни амалга оширишнинг душман объектини ажратиб, яккалаб, ташқи алоқаларини издан чиқаришга қаратилган алоҳида шакли. Бундан мақсад душман давлатнинг ҳарбийиқтисодий қудратини синдириб, таслим бўлишга мажбур этишдан иборат (яна қаранг Қамал); 2) (сиёсий) — бирор давлатни муайян талабни бажаришга мажбур этиш мақсадида унинг ташқи алоқаларига путур етказишга қаратилган сиёсий тадбирлар тизими]]. Сиёсий Б. давлатни дипломатик жиҳатдан яккалаб қўйишда ифодаланади. Сиёсий Б. кўпинча иқтисодий Б., баъзида ҳарбий Б. билан боғлиқ бўлади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ғарб давлатлари миллий мустақиллик учун кураш йўлига ўтган давлатларга қарши сиёсий Б.ни кенг миқёсда қўллади; 3) (иқтисодий) — бирор давлатнинг хўжалик тараққиётини издан чиқариш мақсадида уни иқтисодий жиҳатдан яккалаб қўйиш. Ташқи савдо, молия, қарз ва бошқа иқтисодий алоқаларни тўхтатиб қўйиш (тақиқлаш) йўли билан амалга оширилади. Одатда, сиёсий ва аксарият ҳарбий Б. билан қўшиб амалга оширилади; 4) (тиббий) — бирор аъзо ёки системанинг функсиясини вақтинча тўхтатиш, мас, юрак Б.си — юракнинг импулс ўтказувчи системаси бўйлаб импулс ўтишини тўхтатиш; новокаинли Б.— новокаин пуркаб қилинадиган муолажа, бунда новокаин нерв ҳужайраларига яллиғланиш ва аллергияга қарши таъсир кўрсатади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил